Суд мактабнинг собиқ директорини ишга тиклади
Олий суд Telegram-каналида маълум қилинишича, Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Олий суд раиси ўринбосари томонидан келтирилган протест асосида даъвогар Қарши шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясининг Г.К манфаатида жавобгар Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармасига нисбатан буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича юритилган фуқаролик иши кассация тартибида такроран кўриб чиқилган.
Аниқланишича, Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашининг 2022 йил 21 февралдаги қарорига асосланиб ходим Г. К билан меҳнат шартномасини бекор қилишда амалдаги меҳнат қонунчилиги талаблари қўпол равишда бузилган.
Судлов ҳайъати “иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлувчи даъвогар Г. К томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракат айнан нимадан иборат эканлигини, ходим томонидан меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш, деб ҳисобланган айнан қайси хатти-ҳаракатларни содир қилганлигини, ушбу қилмишнинг оғирлик даражасини, уни содир қилиш ҳолатларини, ходимнинг хулқ-атворини ҳар томонлама ва холис ўрганиб чиқмаган”, деган тўхтамга келган.
Бундан ташқари, Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашининг 2022 йил 21 февралдаги қарорида Қарши шаҳар 24-умумий ўрта таълим мактаби директори Г. К 2021 йилдаги фаолиятида йўл қўйган хато ва камчиликлари қайд қилинган бўлиб, мазкур қарорда кўрсатилган ҳолатлар Г. К томонидан у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлувчи ножўя хатти-ҳаракат содир этилганлигини англатмайди.
Шунингдек, иш берувчи томонидан ходим Г. К кенгаш қарорида қайд этилган ҳолатлар учун бир йилдан сўнг интизомий жазо қўлланилиши қонун талабларига зид ҳисобланади.
Шу тариқа Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 23 февралдаги ажримига мувофиқ мазкур фуқаролик иши юзасидан қабул қилинган суд қарорлари бекор қилинганлиги ва Г.К Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар 24-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимига тикланганлиги, протест қаноатлантирилганлиги маълум қилинади.
Ўхшаш янгиликлар:
Темур Поёнов Қашқадарё вилояти бандлик бошқармаси ва вилоят прокуратурасини "мот қилди"
Поёновга нисбатан тузилган жарима қарори бекор қилинди.