Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Қашқадарёда халқаро тиббиёт университети ташкил этиш юзасидан қарор лойиҳаси эълон қилинди

Қашқадарёда халқаро тиббиёт университети ташкил этиш юзасидан қарор лойиҳаси эълон қилинди

09 окт 2022
2 044
МАҲАЛЛИЙ

Вазирлар Маҳкамасининг "Қарши халқаро тиббиёт университетини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда "DR BOBOEV HEALH CENTER" МЧЖ (Ўзбекистон) ва Neo Institute of Medical Sciences and Technology (Ҳиндистон), Истанбул Соғлик билимлари университети (Туркия)нинг Қарши шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Қарши халқаро тиббиёт университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Қуйидагилар университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

— ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, ўқув базаси ва клиника фаолиятида назарий билим ҳамда амалиёт уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;

— университет профессор-ўқитувчилари хорижда стажировка ўташини ва малака оширишини ташкил этиш;

— хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини ривожлантириш;

— таълим жараёнида назарий ва амалий кўникмалар узвийлигини таъминлаш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари, масофадан ўқитиш ва телемедицина услубларини кенг татбиқ этиш;

— моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;

— Қашқадарё вилояти ҳамда қўшни ҳудудлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжларини ва муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш, уларни ваколати доирасида бартараф этиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида узвий ҳамкорликдаги фаолиятни йўлга қўйиш.

Университетда таълим фаолияти 2022/2023-ўқув йилидан бошланади. 2022/2023-ўқув йили учун университетга бакалавриат дастури бўйича «Даволаш иши», «Педиатрия иши», «Стоматология», «Фармация иши» таълим йўналишларига тўлов-шартнома асосида 400 киши қабул қилинади. Бакалавриатни тамомлаган талабалар Қашқадарё вилоятидаги тиббиёт кадрлари танқис бўлган тиббиёт муассасаларида беш йил ишлаб бериши мажбурий ҳисобланади.

Университет ўз имкониятларидан келиб чиқиб, белгиланадиган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра, маҳаллий ва хорижий фуқароларни тўлов-шартнома шартлари асосида ўқишга қабул қилиши мумкин. Университет битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университет дипломи берилади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: