Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Чироқчида ҳоким устидан шикоят қилиб чиққан газета муҳаррирининг бўйнига ҳокимлик ҳамма айбни илиб қўйди

Чироқчида ҳоким устидан шикоят қилиб чиққан газета муҳаррирининг бўйнига ҳокимлик ҳамма айбни илиб қўйди

13 сен 2022
1 422
МАҲАЛЛИЙ

Бундан бир неча кун аввал ахборот сайтимизда "Танг аҳволда қолган "Чироқчи" газетаси муҳаррири пахта теримига чақирилмоқда" номли хабар эълон қилинганди. Хабарда Чироқчи тумани ҳокимлиги муассислигидаги "Чироқчи" газетаси муҳаррири Ҳазратқул Эгамбердиевнинг пахта терими ишларини назорат қилиш учун бириктирилганлиги ва газетанинг бугунги иқтисодий ҳолати ҳақида сўз боради. 

Чироқчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур хабар юзасидан муносабат билдирди. Унда айтилишича, туман пахта мониторинг маркази раҳбари Бахтиёр Холиёров "Чироқчи" газетаси муҳаррири Ҳазратқул Эгамбердиев билан дастлаб телефон орқали суҳбатлашиб,  Ҳазратқул Эгамбердиевдан ўзи истиқомат қиладиган Бешчашма ҳудудидаги фермер хўжаликлари пахта майдонларида олиб борилаётган терим жараёнлари ҳамда теримчиларнинг кайфиятини ўрганиш мақсадида журналист сифатида жараёнга ёндашишини илтимос қилган. Бахтиёр Холиёров билан бўлган телефон суҳбатини нотўғри талқин қилган газета муҳаррири пахта мониторинг марказига келади ва юзма-юз Бахтиёр Холиёров билан айнан шу мавзуда яна суҳбатлашади.  Ҳазратқул Эгамбердиев эса иқтисодий аҳволини айтиб бу ишларни бажараолмаслигини таъкидлаган.

Мақолада келтирилганидек,  "Шу масалада ҳоким ҳам 2 маротаба чақиртирганди. Кутиб, кутиб, қабулига киролмай қайтдим." Аслида туман ҳокими Нодир Эркаев туманда фаолият олиб бораётган "Чироқчи" ва "Мезон" газеталари муҳаррирлари билан суҳбатлашиш мақсадида уларни қабулига чақиртирган.

"Чироқчи" газетасининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўзгартириш масадида ажратилиши режалаштирилаётган маблағ хусусида эса қуйидагиларни маълум қиламиз. Халқ депутатлари туман кенгашининг сессиясида туман ҳокими Нодир Эркаев ташаббуси билан 10 млн маблағ ажратиш таклифи илгари сурилади ва бу таклиф депутатлар томонидан маъқулланади. Афсуски, маҳаллий газета учун ажаратилиши режалаштирилган маблағ сарф-ҳаражатлар сметаси газета муҳаррири томонидан туман ҳокимлигига шу вақтгача тақдим этилмаган. Газета муҳаррири томонидан сарф-ҳаражатлар сметаси тақдим этилса, туман ҳокимлиги қисқа вақт ичида белгиланган маблағни газета ҳисоб рақамига ўтказиб беради, дейилади ҳокимлик хабарида.

"Чироқчи" газетаси муҳаррири Ҳазратқул Эгамбердиев ҳокимликнинг бу муносабати ёлғон экани, унга туҳмат қилишаётганини маълум қилди ва вилоят прокуратураси мажбурий меҳнат ҳолатларига баҳо бериши кераклигини алоҳида таъкидлади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: