Косон тумани «Юқори оброн» маҳалласининг юқори натижалари билан таништирамиз

143

Косонликлар азалдан тадбиркор халқ. Интилувчан ва меҳнаткаш
косонликлар ҳар соҳада илғор. Яна янгиликка ҳам ўч. Косонда
ишлаб чиқариш ҳам, савдо-сотиқ ҳам, деҳқончилик-у,
хунармандчилик ҳам тараққий этган.
Ўтган гал биз туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлмиш «Ширинтепа»да бўлаётган ўзгаришлар ҳақида сўзлаган эдик. Бу гал эса туман марказига анча яқин “Юқори оброн” маҳалласи ҳақида ҳикоя қилмоқчимисиз.
Аслида, бу маҳалла ҳақида бир эмас, бир қанча мақола ёзса
бўлади. Чунки, Яхшимурод Худойбердиев бошчилигидаги ушбу даргоҳ ҳақиқатдан ҳам обод, гўзал гўша. Тиниб-тинчимас маҳалла
раиси эса бир дақиқа жим ўтирмайди.

«Ўзим нафақадаман. Икки йилдан ошди. Ёшлигимдан оғир меҳнат
қилиб ҳалол ризқ билан рўзғор тебратганман. 3 нафар фарзандим
бор. Уларни ўқитиб, оилали, уйли-жойли қилдим. Пенсияга чиқиб,
қарилик гаштини сураман деб турганимда, шу ерлик халқ
қўймади, номзодимни қўйгандим, ўзлари танлаб маҳалла
раислигига сайлашди. Мана элим, юртим деб ёниб куйиб ишлаб
юрибмиз»,-дейди Яхшимурод ака.

“Юқори оброн” 2016 йилда “Дўстлик” маҳалласидан ажралиб
чиқиб, янги маҳалла сифатида қайтадан рўйхатдан ўтган. Бугунги
кунда бу ерда 3250 нафар аҳоли доимий истиқомат қилиб келмоқда.
Шуниси эътиборга моликки, йил бошидан буён бу маҳаллада бирорта ҳам жиноят ва ажрим бўлмаган ҳамда бу вилоят бўйича энг намунали маҳалла сифатида эътироф этиб келинмоқда.

Табиатан меҳнаткаш ва тиришқоқ Яхшимурод ака бизни бир пасда бутун маҳаллани айлантириб, янгиликлар билан таништириб чиқишга улгурди. Энг аввало, бизни ҳудуддаги туман “Агропилла” МЧЖга олиб борди. Бу ерда 30 нафар хотин-қизлар, 14 нафар эркак мавсумий иш билан таъминланган экан. Биз борганимизда айни пиллани тарқатиш ва қабул қилиб олиш
ишлари давом этаётганини кўрдик.
«Ишчиларимизнинг саломатлиги, хавфсизлиги биз учун муҳим,-
дейди МЧЖ раҳбари Фаррух Рўзиқулов. – Улар гарчи мавсумий
ишлашса-да, аммо меҳнат дафтарчасига 1 ойлик иш куни учун 1
йиллик иш стажи ёзиб берилади. Кунига 3 маҳал текин овқат билан
таъминланади. Бундан ташқари, бизда ишга қабул қилинган
ишчилар бемалол кейинги мавсумда ҳам ишга қабул қилиниши
мумкин».

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, авваллари мажбурлаб ҳам пахта теримига чиқмаган маҳалла хотин-қизлари бугунги кунга келиб ўз ташаббуслари билан бу ишга қўл уришаяпти. Жумладан, 2019 йилда 165 киши 16,5 тоннага яқин “оқ олтин” теримига ўз ҳиссаларини қўшган бўлсалар, 2020 йилда 525 киши 48 тонна пахта ҳосилидан 1 миллион 775 минг сўмдан ортиқ пул
маблағларини ўз уйларига олиб киришди.

Маҳаллада янгиликлар бисёр. Жумладан, турли муолажаларга мўлжалланган “Соғломлаштириш клиникаси” қурилиш ишлари авжида. Ҳамроҳимиз шунингдек, йўл четида жойлашган арзон дорихона ҳақида ҳам гапириб қолди. Айтишича, асосан маҳалла аҳолиси учун мўлжалланган бу дорихонадаги дорилар ҳақиқатдан ҳам марказдаги дорихоналардан нархлари анча арзон бўлиб, бу иш шу ерлик аҳолига қулайлик яратибгина қолмай, халқнинг розилиги ва дуоси учун амалга оширилган экан. Ушбу савобли ишга ҳам ёш тадбиркор, фармацевт Зикрилло Давронов қўл урган.

Ҳатто шунинг натижасида Зикриллонинг ўзидан ташқари, яна бир
киши доимий иш ўрнига эга бўлишга улгурди. Бундан ташқари, дорихона атрофида маҳаллага кираверишдаги бош кўчанинг ён қисмидаги анчадан буён янтоқ босиб, қаровсиз ётган йўлак таъмирланиб, пиёдалар учун таъмирланмоқда.

Оқсоқол ташаббуси билан 6 та кўчага қум-шағал ётқизилган.
Яқинда асфалть келишини куяпмиз, дейди Яхшимурод ака.

Бундан ташқари, маҳалла ҳудудини инобатга олган ҳолда 2 та пост
қурилган. Маҳаллада тадбиркорлар ҳам кўп. Шулардан бири Жасур
Раҳмонов бўлиб, у “Косон омад ҳамкор” деб номланган
автомактабда 30 дан ортиқ ҳаваскорларни ҳайдовчиликка
ўқитаяпти. Энг қизиғи, ўқувчиларнинг кўпчилиги хотин-
қизлардан иборат бўлиб, бўлажак ҳайдовчилар сони кундан-кунга
кўпаймоқда.
Яна бир тадбиркорликка қизиқувчи ёшлардан бири Шодбек Фармонов балиқчилик соҳасида ўзини синаб кўришга аҳд қилган. У банкдан 20 миллион сўм кредит олиб, балиқчилик билан бирга автомобилларни ювиш шаҳобчаси фаолиятини ҳам йўлга қўйган. Ҳозирда ёш тадбиркорга отаси Азамат Сайдилов яқиндан кўмак бермоқда. Бу ҳақда Азамат аканинг ўзи шундай дейди:
«Халқимиз ростдан ҳам меҳнаткаш, тадбиркор ҳалқ. Болалигимдан
балиқ овига қизиқишим бор. Ишонсангиз, кичкинагина қармоқни кўтариб олганча, илинса ҳам, илинмаса ҳам қармоғимни “қучоқлаганча” балиқ овига югурардим. Тарки одат амри маҳол деганларидек, ёшлигимда бунақа имкониятлар қаёқда эди?! Мана фарзандим улғайгач, у ҳам менга ўхшаб шу соҳага қизиқди. Албатта ота бўлиб йиллар давомида тўплаган тажрибамдан унгаям ўргатаманда. Иш бошлашдан аввал ўз ҳисобимиздан
бошланишига 1,5 миллион сўмдан ортиқроқ харажат ҳам бўлди. Қувончлиси кредитимиз 3 йилга мўлжалланган бўлиб, 6 ойлик имтиёзга эгалиги».
Шу аснода суҳбатга аралашган маҳалла оқсоқоли шундай дейди:

«Ие, секинроқ айтасизми, ўзи кредит олинганига бир йил бўлди.
Лекин, ўтган йили шу соҳадан 9 миллион даромад олди. Ҳамма
нарсада ҳам меҳнатнинг нони ширин-да, нима дедингиз?»

Бизни кузатар экан, Азамат ака астойдил:

«Балиқларимиз октябрь, ноябрь, декабрь ойида етилиб тайёр бўлади. Келинглар, меҳмонга кутамиз»,-деб қолди.

Маҳаллада фақат эркаклар эмас, балки аёллар ҳам ўз-ўзини банд
қилиш орқали тадбиркорликка қўл уришни бошлашган. Шулардан
бири бу, Дилноза Маҳманазарова бўлиб, у бир муддат аввал
“Аёллар дафтари”да рўйхатда турган, лекин ўз интилиши ва
хунари ортидан бир нечта тикув машиналари олиб, тикувчилик
фаолиятини бошлаб юборди.
«Ҳозирда тайёр кийимларимизни бозорга олиб чиқаяпмиз. Айни
кунларда мавсумбоп матодан либосларга эҳтиёж кучайди. Шу
боисдан бу ёғига “заказ” билан ишлаймиз энди.
Осон ишнинг ўзи йўқ».

Бу юқоридаги қаҳрамонимиз Дилноза опанинг сўзлари. Тўғри, биринчи қадамни ташлаш, осон пул топиш жуда мушкул масала. Жуссаси кичкина, юзлари офтобда қорайган, нинанинг қадоқларидан қўлларини яшириб турган бу
опанинг сўзларини эшитиб, беихтиёр берсанг ейман, бўлмаса… деб турадиган боқимандалар ёдимга тушиб кетади.

“Юқори оброн”да аҳоли умуман бекор ўтирмайди. Кимдир
нонвойхонада банд, кимдир тикувчилик билан кун кўради, яна кимдир асаларичилик билан шуғулланса, кимгадир фойда ҳунармандчилик ортидан келади.

Хуллас, деҳқончиликдан помидор-бодринг, картошка-пиёз, қовоқ-булғор қалампири, сабзи- шолғом, ўрик-олма, эй борингки, боғбончилик ҳам бу
ерликларнинг асосий машғулотларидан бири.

Ҳам оилани боқади, ҳам бозорга олиб чиқиб сотади. Яна бир ҳайратланарлиси, аҳоли ўз уйида етиштирган полиз маҳсулотларини музлаткичида сақлай
олмайди, бунча маҳсулотни сақлашга имкон ҳам йўқ.

Шу боисдан яна бир тадбиркор томонидан маҳалланинг ўзида 4 та ҳар бир 100
метрли музлаткич қурилган. Айнан шу ерда ижара асосида
маҳсулотлар сақланади ва савдога олиб чиқилади.

Маҳалланинг яна бир фахрланадиган томони бу кираверишда
“Юқори оброн” маҳалласига хуш келибсиз сўзи билан тунда
ёритиб турувчи катта дарвоза ва унинг ёнгинасида бир вақтлар
қишлоқ техникалари учун мўлжаллаб қурилган ва кейинчалик
ташландиқ ҳолга келиб қолган “гараж”нинг “Косон Файз барака”
МЧЖ га қарашли металл буюмлар сотиш учун мўлжаллаб
қайтадан рекнструкция қилиниши.

Яқин кунларда ишга тушиши мўлжалланаётган бу бозорда асосан хўжалик моллари билан бирга қурилиш материаллари савдоси ҳам йўлга қўйилади. Бундан ташқари, бозор иш юритувчиси Ўктам Хамраевнинг билдиришича, 15 киши доимий иш ўрнига эга бўлиб, аҳолига хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилади.
Бир сўз билан айтганда, Яхшимурод аканинг орзуси “Юқори оброн” маҳалласини хавфсиз ва тинч, обод ва озод гўша сифатида республикада ҳам биринчи ўринга олиб чиқиш. Биз эса ҳар бир ишда енг шимариб, астойдил меҳнат қилаётган
“Юқори оброн”ликларга омад тилаймиз.

Дилшод Набиев тайёрлади

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here