Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » "Кўзга кўп тушишдан қўрқиб, имконимиз бор пайтларда ҳам янги шаҳобчалар очишдан ўзимизни тиярдик", - Korzinka асосчиси Зафар Ҳошимов Президент Қарши шаҳридаги супермаркетга ташрифи ҳақида фикр билдирди

"Кўзга кўп тушишдан қўрқиб, имконимиз бор пайтларда ҳам янги шаҳобчалар очишдан ўзимизни тиярдик", - Korzinka асосчиси Зафар Ҳошимов Президент Қарши шаҳридаги супермаркетга ташрифи ҳақида фикр билдирди

25 фев 2023
5 474
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ / ТАНЛОВ

«Мамлакатимиз Президентининг кеча Қарши шаҳридаги супермаркетимизга қилган ташрифлари бутун жамоамиз учун кутилмаган қувончли воқеа бўлди. Бу ҳақда ҳабар топган бутун жамоамиз ҳақиқий байрам кайфиятига чўмди. Офисимиз олдидаги бир маркетга кирсам, харидорлардан бири телефонида Президент ташрифи видеосини ходимларимизга кўрсатаётган эди. Атрофида йиғилган 5-6 та ходимимиз, юзларида табассум, кўзлари ёниб қандайдир мағрурлик билан видеони кўришаётган эканлар. Уларни кузатиб, менинг ҳам юзимга кенг табассум ёйилди, жамоамизнинг бундай даҳлдорлик туйғусидан ҳурсанд бўлдим.

Гарчи корхонамиз фаолият кўрсатаётганига 26 йилдан ошган бўлса да, унинг шиддатли ривожланиши айни охирги 6 йилда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар даврига тўғри келди. 2016 йилда корхонамиз таркибида 18 та супермаркет бўлиб, улар барчаси Тошкентда жойлашган эди. Қолаверса, унда кўзга кўп тушишдан қўрқиб, имконимиз бор пайтларда ҳам янги шаҳобчалар очишдан ўзимизни тиярдик. 

Президент Мирзиёев бошлаган иқтисодий ислоҳотлар натижасида нафақат хусусий бизнес ривожланиши йўлида турган тўғонлар олиб ташланди, балки тадбиркорликка бўлган умумий муносабат тубдан ўзгарди, тадбиркорлик тушунчаси мамлакат ичида ижтимоий реабилитация қилинди, уларнинг аҳамияти ва жамиятдаги ўрни тикланди. 

Бу нарса бизни албатта руҳлантиради, ғайрат ва ишонч билан тўлдиради. 

Кеча кечасигача янги маркетни ишга тушириш билан машғул бўлдик. Бугун эрта тонг билан туриб, ҳозир янги, тармоғимизнинг 105 нчи маркети очилиш маросимига шошилаяпман, шу ой охиригача яна иккита янги очилишимиз бор. 

Биз ҳар бир харидоримизга янада яқинроқ бўлишга, янада яхшироқ маҳсулотларни янада арзонроқ нарҳларда етказиб, янада яхшироқ ҳизмат қилишга шошилаяпмиз ва ишимиздан завқ ва қониқиш олаяпмиз.

Кенг ривожланиш имкониятларига назар ташлаб, ичимда қайта қайта Президент айтган бир жумлани бехос такрорлайман: “Бўлар эканку!”»

Зафар Ҳошимов, Korzinka асосчиси. 

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: