Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Вазир ўринбосари болалар ва қарияларга аномал совуқ об-ҳавода кўчага чиқмасликни тавсия қилди

Вазир ўринбосари болалар ва қарияларга аномал совуқ об-ҳавода кўчага чиқмасликни тавсия қилди

09 янв 2023
1 219
МАҲАЛЛИЙ

Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, бугундан мамлакатимизга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади.

Натижада 10-15 январь саналарида юртимизда аномал совуқ кузатилиши, ҳаво ҳарорати кечалари -12-17 даража, шимолда тунда -17-22 даража, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида эса -25-27 даража совуқ бўлиши кутиляпти.

Хўш, бундай аномал ҳарорат инсон саломатлигига қандай таъсир этади? Унинг зарарли оқибатларидан сақланиш усуллари нималардан иборат? 
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситханова шу ҳақдаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Қаттиқ совуқда кўпинча қон томирларининг кескин торайиши кузатилади, — дейди вазир ўринбосари. — Айниқса, гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларга бундай ноқулай об-ҳаво салбий таъсир кўрсатади. Уларни бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилади.

Шунингдек, бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Яъни уйдан кўчага чиққанда, бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортади. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт.

Қолаверса, аномал совуқ тери ва буйрак касаллиги бор беморларнинг умумий ҳолати ёмонлашувига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки бундай шароитда тана аъзоларининг музлаб қолиш эҳтимоли юқори.
Шу боис совуқ қотишнинг олдини олиш учун кўчага чиққанда иссиқ ва қалин кийимлар кийиш лозим. Бунда, қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади. Сабаби бўйиндаги томирлар инсон бош миясини қон билан таъминлайди.


Аномал совуқда алкоголь ва тамаки истеъмол қилишдан воз кечган маъқул. Боиси бу зарарли одатлар қон томирларини кескин торайтириб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин.
Қаттиқ совуқ ҳаво инсон терисини ҳаддан ортиқ қуритиб юборади. Шу боис кўчага чиқишдан аввал таркибида сув бўлган дори воситаларини терига суртмаган маъқул. Аксинча, ёғли кремларни қўллаш тавсия этилади.


Совуқ кунлари эрталаб, албатта, нонушта қилиш керак. Оч қолиш тананинг тез музлаши ва иммунитет заифлашишига сабаб бўлади. Истеъмол қилинадиган таомлар калорияси иссиқ кунларга нисбатан 25-30 фоизга оширилиши мақсадга мувофиқ. Бунда, иссиқ ва суюқ овқатлар жуда фойдали.
Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилади.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: