Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси йўловчи ташувчи корхоналарга огоҳлантириш билан чиқди
Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази ахборотига кўра, жорий йил 10-18 январь кунлари юртимиз бўйлаб аномал совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари 12-17 даража совуққача, кундуз кунлари 5-8 даража совуққача пасайиши мумкин. Баъзи жойларда йўлларда яхмалак юзага келиши эҳтимоли бор. Шу туфайли Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси вилоятимизда автобусда йўловчи ташувчи корхоналарни огоҳлантирди.
"Сиздан кутилаётган аномал совуқ об-ҳаво шароитида йўловчиларни белгиланган йўналиш жадвали асосида хавфсиз ташишни таъминлаш мақсадида қуйидаги чораларни кўришни сўраймиз:
- Йўлкира нархлари сунъий равишда ошиб кетиши олдини олиш;
- Барча транспорт воситаларининг техник ҳолати ва қиш мавсумида фойдаланишга шайлигини қайтадан кўриб чиқиш;
- Техник кўрикдан ўтмаган ва қиш мавсумига шай бўлмаган автобусларни йўналишларга чиқармаслик.
- Автобуслар белгиланган йўналиш жадвали асосида қатновга чиқарилиши ва ҳаракатини таъминлаш", - дейилади хабарда.