Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Қашқадарё ССБ портлаб кетган шифохона бўйича янги тафсилотларни маълум қилди

Қашқадарё ССБ портлаб кетган шифохона бўйича янги тафсилотларни маълум қилди

04 янв 2023
2 519
МАҲАЛЛИЙ

Кеча ахборот сайтимизнинг телеграмдаги саҳифаси орқали вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси ходимларининг мурожаати эълон қилинганди. Мурожаатда ходимларга сентябрь ойидан буён иш ҳақи берилмагани айтилган. Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, шифохона жами 60 ўринга мўлжалланган бўлиб, муассаса харажатларининг 20 фоизи бюджет маблағлари, 80 фоизи хўжалик (пуллик хизмат кўрсатиш) ҳисобидан топилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Молиялаштиришнинг ушбу тартиби муассасада фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақларини тўлаш бўйича ҳам амал қилади.

Муассасада бюджет ҳисобидан иш ҳақи оладиган ходимларнинг ойлик иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилган. Ишлаб турган жами 54 ходимдан 44 нафарига беморларга кўрсатилган пуллик хизмат асосида туширилган маблағлар ҳисобидан иш ҳақи тўланади.

Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб шифохонага пуллик хизмат асосида даволаниш учун мурожаат қилган беморлар сони кескин камайганлиги сабабли бу йўналишда ишлаётган ходимларга тўланадиган иш ҳақи камайган. Шу билан биргаликда, муассаса раҳбарияти томонидан пуллик хизмат асосида жалб қилинган беморлар сонига мутаносиб равишда штат бирлигини сақлаш тартибига риоя этилмагани натижасида иш ҳақи тўловлари бўйича қарздорлик юзага келган. 
2022 йилнинг 24 декабрь куни содир бўлган газ чақнаши оқибатида шифохона биносига зарар етган бўлиб, муассаса фаолияти тўхтатилган. 

Шунга қарамай, тиббиёт ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида улар учун бўш (вакант) иш ўринлари таклиф этилади ҳамда босқичма-босқич Қарши шаҳридаги давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштириш ташкил этилади. 

Бу бўйича 2022 йилнинг 27 декабрь куни шифохона ходимлари, вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган умумий йиғилишда батафсил тушунтириш берилган. 

Ҳозирги кунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари бошчилигида талафот оқибатларини бартараф этиш, товар-моддий бойликларни инвентаризациядан ўтказиш, иш ҳақлари бўйича юзага келган қарздорликни қоплаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: