Hudud дастурида маълум қилинишича, ЙТҲ жорий йил 19 апрел куни Қарши тумани Қозикент маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 14 ёшли ўсмир отасининг Gentra машинасини унинг рухсатисиз кўчага ҳайдаб чиққан. 14 ёшли ўсмирнинг ёнида тенгқур дўстлари бўлган.
2011 йилда туғилган мактаб ўқувчиси машинани тез ҳайдаши оқибатида бошқарувни йўқотган ва йўл четида тўхтаб турган юк машинасига бориб урилган. ЙТҲ оқибатида машинада бўлган 2 нафар ўсмир воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, ҳайдовчи ва машинада бўлган яна 2 нафар ўсмир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳозирда улардан иккисининг аҳволи ўта оғир, бириники эса ўрта оғир даражада экани билдирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.