Шаҳрисабз шаҳрида маъмурий жаримадан жаҳли чиққан ҳайдовчи ЙПХ автомобилининг ойналарини уриб синдирган. Бу ҳақда Renessans телеканалида хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, воқеа шаҳарнинг Бўстон маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Фуқаро ўзиинг мототранспорт воситасини тўхтаб туриш тақиқланган жойда қолдиргани учун ЙПХ ходими унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган.
Бироқ ҳайдовчи мототранспорт воситаси юкхонасида бўлган белкуракни олиб, хизмат автомобилининг олд ва орқа ойналарини уриб синдирган.
«Тўхташ тақиқланган жойда мототранспорт уловимни қўйгандим. Шунда ЙПХ ходимлари келиб, ҳуқуқбузарлигим учун менга маъмурий баённома тузиб беришди. Мен ўша маъмурий баённомага бироз эътироз қилиб, ўзимни бошқара олмай, асабийлашиб, транспортимдаги меҳнат қуролим билан ходимнинг автомашинасига бехосдан зарар етказиб қўйдим. Қилган ишимдан пушаймонман. Бу ишни ҳеч кимга маслаҳат бермайман. Бу ҳолат қайта такрорланмаслигига сўз бераман», — деди ҳайдовчи.