Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши Президент фармонига зид равишда сессия ўтказмоқда

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши Президент фармонига зид равишда сессия ўтказмоқда

24 ноя 2022
4 495
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ / ТАНЛОВ

Шу йилнинг 22 ноябрь куни Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги VI чақириқ 53-сессияси ўтказилди. Сессияни вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошқариб борди. Чунки ҳоким кенгаш раиси ҳисобланади.  Доимгидек, сессия оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилиши назарда тутилган бўлса-да, ҳокимлик бу ҳақда ҳеч қаерда расман хабар эълон қилмади.

Қолаверса, мазкур сессия ҳокимлик ва кенгаш масъуллари томонидан жонли эфирда намойиш этилмади. Аммо Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонига кўра, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши сессиялари телеканаллар ва тармоқлар орқали жонли эфирда намойиш этилиши керак. Демак, яширин тарзда ўтказилган сессия Президент фармонига зид равишда ташкил қилинган.

Бу биринчи ҳолат эмас.

Одатда Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ўтказиладиган сессиялар ҳақида ОАВ вакилларига хабар берилмайди ёки жонли эфирда намойиш этилмайди. "Nasafnews" бу ҳақда яқинда "
Журналистлардан «яшириб» ўтказилаётган сессия: Ҳокимлик қачон ОАВга «очиқ» бўлади?", "Қашқадарё вилояти ҳокимлиги журналистлардан яшириб ўтказилган сессия бўйича муносабат билдиролмади" номли хабарларни эълон қилганди. Хабарларда ноябрь ойининг биринчи кунида ўтказилган сессия жонли эфирдан узиб қўйилгани, ОАВ вакиллари иштироки таъминланмагани ҳақида ҳикоя қилинган.

Масъуллар нима дейди?

"Nasafnews" Халқ депутатлари вилоят кенгаши масъулларидан бири билан боғланди. Масъул сессия телеграм каналларда хабар кўринишида ёритилгани, аммо жонли эфирда намойиш этилгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Сессиялар нега жонли эфирда ёритилиши керак?

Президентнинг 2021 йил 16 июндаги фармонида белгилаб қўйилганидек,кенгаш сессиялари телеканаллар ва ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирда намойиш этилиши шарт. Фақат ёпиқ мажлислар бундан мустасно экани кўрсатилган. Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ташкил қилинаётган сессиялар ёпиқ мажлис ҳисобланмайди. Сессияларда қандай мавзулар муҳокама этилаётгани, депутатлар халқ номидан ҳокимликнинг қайси қарорларини тасдиқлаётганини жамоатчилик вакиллари билиши зарурдир ва бу очиқлик сиёсатининг энг муҳим бўғини ҳисобланади.

Хўш, Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги юқоридаги ҳолатни қандай изоҳлайди? "Nasafnews" бу борада масъуллардан тайинли изоҳ кутади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: