Отабек Умаров Қашқадарёга келди
МОҚ раҳбарияти ҳудудлардаги спорт инфратузилмаларини ўрганишда давом этади. Расмийлар Қашқадарё вилоятида ҳам бўлиб, Қарши шаҳри ҳамда Ғузор ва Деҳқонобод туманларидаги спорт масканларини кўздан кечиришди.
Дастлабки манзил вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Деҳқонобод тумани бўлди. Унда туман спорт мактаби фаолияти ўрганилди. Мактаб маъмурияти расмийларга машғулотлар жадвали, уларни олиб борадиган мураббийлар малакаси ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, у ерда шуғулланаётган ўқувчиларнинг натижалари таҳлил қилиниб, иш самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Расмийлар кун давомида Ғузордаги яна бир спорт мактаби ҳамда Қарши шаҳридаги вилоят Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ҳам ташриф буюришди. Таълим муассасасининг барча бўлимлари кўздан кечирилгач, мутасаддилар билан учрашув ташкил этилди. Унда марказнинг моддий-техник базасини янада кучайтириш, қишки мавсум ўқувчиларга янада қулайликлар яратиш борасида таклифлар билдирилди. Қолаверса, ушбу таълим муассасаси битирувчиларининг миллий терма жамоалар таркибидан жой олиш кўрсаткичини ошириш бўйича ҳам вазифалар белгилаб олинди.
Ўрганиш ишлари якунида федерацияларнинг вилоят бўлимлари вакиллари билан керакли хулосалар чиқарилиб, келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Ўхшаш янгиликлар:
Қарши давлат университети томонидан ўтказилган матбуот анжуманида қабул жараёнлари ҳақида муҳим маълумотлар айтилди
Университетда 9 та янги таълим йўналишлари очилди.