Бош саҳифа » СПОРТ » "Насаф"дан яна бир ғалаба. Сўнгги дақиқаларда киритилган гол орқали "аждарлар" биринчи ўринга қайтди
"Насаф"дан яна бир ғалаба. Сўнгги дақиқаларда киритилган гол орқали "аждарлар" биринчи ўринга қайтди
16 сен 2022
1 152
СПОРТ / МАҲАЛЛИЙ
Сўнгги ўйинлардаги натижалари билан мухлисларни хурсанд қилаётган "Насаф" бугун Қаршидаги "Марказий" ўйингоҳида "Қўқон-1912"ни қабул қилди.
Бу турда "Насаф"нинг асосий рақибларидан бири "Пахтакор" ғалаба қозониб, биринчи ўринга чиқиб олди. Шу сабабли ҳам бу баҳсда мезбонлар уч очкони қўлга киритиши шарт эди.
Ўйинга тўхталадиган бўлсак, дастлабки бўлимни тўлиқ "Насаф" назорат қилди. Фарғоналиклар биринчи бўлимда айтарли вазиятлар ярата олишмади. Аксинча, "аждарлар" яхши имкониятлар ярата олишди. 26-дақиқада Баҳром Абдураҳимов ўнг қанотдаги Дилшод Саитовни тўп билан таъминлади. У эса дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олиб, ўйинда ҳисобни очди. Бўлим шу тариқа "Насаф"нинг вақтинчалик ғалабаси билан якунланди.
Иккинчи бўлимда водийликлар бошқа руҳда майдонга қайтиб, бекорга шунча йўл юриб келмаганликларини исботлашга ҳаракат қилишди. Бу 45-дақиқаликда иккала томон дарвозабонлар ҳам зерикишмади, шу қаторда мухлислар ҳам. 72-дақиқага келиб меҳмонлар футболчиси Шоҳназар Норбеков ҳимоядаги хатодан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштириб қўйди. Буёғига ўйин яна ҳам "жонланди". Баҳсга қўшиб берилган 5-дақиқанинг бешинчисида "Насаф"нинг ҳимоядаги ҳужумчиси Ҳусниддин Алиқулов жамоага жуда катта ёрдам берди. Бу ўйиндаги сўнгги ҳисоб ўзгариши эди.
"Насаф" — "Қўқон-1912" 2:1.
Шундай қилиб, "Насаф" биринчи ўринга қайтди, "Пахтакор" иккинчи ва "Навбаҳор" учинчи ўринда қолди.