Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Саида Мирзиёева: "Ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт"

Саида Мирзиёева: "Ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт"

10 ноя 2022
904
МАҲАЛЛИЙ

Саида Мирзиёева ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида ёзиб чиқди.

"Мен ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур деб ҳисоблайман ва мутасаддилардан уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраб қоламан.

Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси — фарзандларимизга билим бериш орқали мамлакатимиз келажагини таъминлашдир.Бунинг ўзи жуда мураккаб вазифа. Таълим йўналишида шундоқ ҳам муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, устига-устак ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш — бу энди ортиқча", — дейди у.

Унинг айтишича, ўқитувчиларни ортиқча ишларга мажбур қилиш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар етказади.

"Мен барча масъул шахслардан ушбу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва ўқитувчилардан дарс беришдан бошқа барча вазифаларни озод қилишини сўрайман. Ҳозир мамлакатимизда таълим биринчи рақамли устувор масаладир. Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт. Улар жамиятнинг энг ҳурматли ва ардоқли  қатламига айланиши, бунинг учун барча бирдек ҳаракат қилиши зарур деб ҳисоблайман. Зеро фақат таълим, фақат ўқитувчилар ёрдамидагина биз тараққиётга эриша оламиз. Фарзандларимиз келажаги уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун ҳам устозларимизни эъзозлашимиз шарт!", - дея таъкидлаган Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжоновнинг маълум қилишича, Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли мутассаддиларга ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ҳамда уларни тақиқлаш юзасидан администрация томонидан тегишли кўрсатма берилган.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: