“Дом” олдигинасидаги котлован яна бир “дом” қуриш учун қазилганмиди? Қурилмаса, ўрни нега бир йилдан бери кўмилмаяпти?

Бир вақтлар Қарши шаҳрида “снос” авж олгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Йўл четидаги эски уйлар бузилиб, кўп қаватли уйлар қурилганди. Марказни замонавий кўринишга келтирамиз, деган важ билан. Мақсад яхши эди, албатта. Аммо ушбу яхши иш ортидан бугун бўй кўрсатаётган айрим муаммолар кўп-да хурсанд қилмайди.

Насаф кўчасининг Гулшан маҳалласига туташ қисмидаги манзара айни мисол. 341-сонли, 70 дан ортиқ хонадонни ўз ичига олган кўп қаватли уй ҳам шу ерда қад ростлаган. Автомобиль йўли, яъни Насаф кўчаси тарафдан қаралса, ҳаммаси бинойидек гўё, бироқ уйни айланиб ўтсангиз, дилозор аҳволга гувоҳ бўласиз. Кўп қаватли уйнинг нақ олдигинасида котлован қазилган, ичига шағал ётқизилган. Тупроғи ҳандақ четига чиқариб ташланган, анча қисми ташиб ҳам кетилган. Яна бир иморатни кўтаришга тараддуд бўлгани яққол кўриниб турибди.

Уйда яшовчи аҳоли вакилларининг айтишича, чала қурилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганига бир йилдан ошган. Ҳақиқатан яна бир уй қурмоқчи бўлишган. Тағин 341-уйнинг “пешона”сига жуда яқин тақаб келингани ажойиб. Котлован ва уй ораси нари борса 4-5 метр. “Г” шаклида тушган “дом”нинг пинжига яна бир “дом”ни “зўрлаб тиқиш” кимнинг хаёлига келган бўлса?! Ҳар ҳолда кўп қаватли уйларнинг ҳам муҳофаза зонаси бўлишини, бу жойда қурилиш қилиб бўлмаслигини билса керак ўша одам.

Одамларнинг сўзига кўра, мазкур котлован ўрнида аслида болалар майдончаси тушиши керак эди. Аммо бир йилча аввал бир қурувчи келиб, шу ерда қурилиш бошлашга жазм этган. Котлован ёнида вагон тургани унинг нияти жиддий бўлганидан дарак. Кимдандир рухсат олганки, тап тортмай ўз ёнидан катта харажат қилиб шу ишга киришган. Вақт ўтиб, яна кимдир қўймаган бўлса керак, қурилиш тақа-тақ тўхтаган. Аҳоли аслида нима бўлиб ўтганини аниқ билмайди.

Шу уйда яшовчи одамлар жавобини билишни истайдиган ягона савол – чала қурилиш яна қачонгача шу ҳолича туради?! Қурилмаса, нега кўмилмаяпти ва аксинча. Боз устига, кўп қаватли уйда яшовчиларни хавотирга солаётган масала ҳам бор. Болалар “дом” ёнида, айниқса, котлован атрофида кўп ўйнаркан. Фарзанди 2-3 метр чиқадиган чуқурга тушиб кетмасайди, деган ўй бор кишиларда. Борай деса, бу атрофда бошқа бўш жой ҳам, болалар майдончаси ҳам йўқ чунки.

Тахминимизча, кўп қаватли уй қуриш учун қарор чиқарилаётганда, лойиҳа бўйича бу ерда болалар майдончаси бўлиши кераклиги ҳам эътиборга олинган. Лекин нега қурилмаган? Уйни фойдаланишга қабул қилиб олиш чоғида шу масала инобатга олинганми ўзи? Ёндаш ҳудудида зарур инфратузилмаси бўлмаган уй қуришдан маъни қани? Ҳеч қанча фурсат ўтмай, у ер-бу ери синиб, тўкилиб, ертўласи абгор бўлиб, салобатига путур ета бошлаган кўп қаватли уй сифатли қурилганига ҳам шубҳа бор. Одам қадами залворига дош бермай ёрилган бетон зинани қурган қурувчидан яна нима кутиш мумкин?

Билишимизча, ушбу кўп қаватли уй қурилишини “Микрокредитбанк” молиялаштирган, пудратчи эса “Давлатбек қурилиш сервис” МЧЖ деган тадбиркорлик субъекти. Қабул қилиб олган масъул ташкилот – Қарши шаҳар ҳокимлиги экани ойдек равшан. Котлован қазишга рухсат берган ҳам ҳокимлик бўлиши табиий. Қайси қонуний асосга кўра – бу фақат уларнинг ўзига аён.

Хуллас, уй аҳолисига фарзандлари бехавотир ўйнайдиган жой, бўлганда ҳам, рисоладагидек болалар майдончаси керак, ҳар кўрганда ваҳимага соладиган котлован эмас. Қурилиш тўхтатилишга тўхтатилибди, ҳандақ нега кўмилмаяпти? Мутасаддилар бирор кўнгилсиз ҳодиса рўй беришини кутишмоқдами?! Сабаб қолиб, оқибат билан курашиш одатингиздан қачон воз кечасиз?

Мирзоҳид Жўраев

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here