Чироқчи туманидаги ҳоким ёрдамчилари нима билан банд?

Жорий йил бошидан буён маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари расман фаолият бошлади. Айтиш керакки, ушбу лавозим эгаларига катта ишонч билдирилмоқда.

Куни кеча вилоят Халқ қабулхонаси мудири Фахриддин Жумаев, вилоят ФВБ бошлиғи Фарҳод Мирзаев ва Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураевлар туманнинг «Уйшун» маҳалласида фаолиятини бошлаган ҳоким ёрдамчиси Сардор Абдуллаев томонидан маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.

Фаолият билан танишиш қизғин ўтди. Турли фикрлар ва тавсиялар ва айниқса, ғоялар ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлди дейиш мумкин.
Хўп, бугунги кунда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва бошқа қатор масалаларда ечим бўлиши кутилаётган ёрдамчиларнинг иш режалари, мақсад-муддаолари нима? Сардор Абдуллаев ўз ҳудуди бўйича бу хусусда ҳам маълумот бериб ўтди.

«Биринчи навбатда мавжуд тадбиркорлик субъектларининг ҳар бири билан учрашиб, келгусида тадбиркорлигини кенгайтириш учун мавжуд тўсиқ ва муаммоларини бартараф қилиш бўйича маслаҳатлашдим,-дейди С.Абдуллаев. -Маҳаллада давлат хизматлари маркази ва банк хизматларини кўрсатиш учун туман марказига (40 км) тадбиркор ва аҳоли учун қатнаш сарсон қилаётганини билдиришди. Шунингдек, маҳалланинг асосий драйвери чорвачилик ва дехқончилик эканлигини аниқлаб олдим. (уй ҳайвонлари сони 5 844 тани, шундан йирик шохли моллар 954 та, майда шохли моллар 1 159 та, парранда 3513 та). МФЙдаги мавжуд хонадонларнинг томорқа майдони 180,4 гектарни ташкил қилиб, асосан ҳайвонлар озуқаси (беда, макка ва бошқалар) экилган.

Маҳаллада аҳоли боқаётган чорва ва паррандаларни гўшти, сути, жуни, тери, ичак, патини қайта ишлаш ҳамда парранда, балиқ ва чорва учун озуқа ем ишлаб чиқариш, шунингдек чорва гўнгидан биогомусни тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича лидер тадбиркорлар билан биргаликда йўл харита ишлаб чиқдим»,- дейди у.

Ёрдамчининг йўл харитаси бўйича ўз олдига қўйган вазифалари ҳам анчагина долзарб ва салмоқли.

Муҳими, келгусида туман ҳокими тавсиясига кўра «Уйшун» маҳалласида қишлоқ аҳолиси узоғини яқин қилиш мақсадида “Давлат хизматлари агентлиги”нинг филиали ташкил этилиши мўлжалланган.
Юқоридалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ёрдамчилар ўз “мева”ларини бера бошлади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here