Қаршида «катталар» ваъдаси ва Президент қарорига ишониб қурилиш қилган ёш тадбиркорлар муаммоси ҳал бўлмади

Сайтимизнинг доимий кузатувчиларига маълум бўлса керак, бундан бир ой аввал «Қаршида саноат зонасида қурилиш қилган ёш тадбиркорларни алдашди. Улар вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосаридан норози» номли танқидий мақола ва кўрсатув эълон қилинганди.
Мақолада саноат зонасида қурилиш қилган тадбиркорларнинг ерлари энди аукционда сотилиши, бу гапни тадбиркорларга Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев айтгани, ҳамма муаммо шундан кейин бошлангани ҳикоя қилинган.


Қашқадарё амалдорларига бу масалада биринчи ўринбосар эмас, тадбиркорларнинг ҳақ экани ҳақида етарлича асослар кўрсатиб ўтилган.

Ўшанда сайт мухбирига ҳолат юзасидан изоҳ берган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев масалани ўз назоратига олганини, тадбиркорларга жабр бўлмаслигини таъкидлаганди ва тадбиркорлар муаммоси баратаф этилишини ҳам қўшимча қилганди.

Аммо орадан бир ой вақт ўтди, кредит олиб, банкротлик ёқасига келиб қолган ва қурилиш ишларини якунлашга боши қотган ёшлар муаммоси ҳал этиб берилмади.

Энг қизиғи, бу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳам муносабат билдирмади.
Буни қарангки, Қарши шаҳар ҳокимининг икки ўринбосарининг ҳам хатти-ҳаракатлари ҳақида сўз борганди ўша мақолада.

Бизга қайта мурожаат қилган тадбиркорлар мақоладан сўнг, масъуллар улар билан учрашишга ваъда қилганини, аммо саноат зонаси ҳудудига вилоят ҳокимлигидан ҳам, Қарши шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасидан ҳам ҳеч ким келмаганини маълум қилишди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here