Рўзиқул Бердиев: «Футболчиларимиз ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатишди»

541

Ўзбекистон кубоги ярим финал босқичидан ўрин олган АГМК – «Насаф» учрашувида меҳмонлар 2:0 ҳисобида зафар қучди. Ўйиндан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида меҳмонлар устози Рўзиқул Бердиев иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

«Финалга чиққанимиздан жуда ҳам хурсандман. Бугунги беллашувда футболчиларимиз ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатишди. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ўйинда ҳам биз мезбонларга қараганда яхши ўйин кўрсатдик ва шунинг ҳисобига ғалаба қозондик. Ўйин жуда оғир бўлди. Биз ўтган йили ҳам кубок беллашувининг айнан шу босқичида Олмалиқда ўйнаб, мағлубиятга учраган эдик. Бугунги баҳсда биз хақли ғалабага эришдик. Ўйин кутилмаган ҳолатларга бой бўлди. Пеналтидан фойдалана олмадик, бир киши кам бўлиб ҳаракат қилдик. 70-80 дақиқа АГМК майдонида бир киши кам бўлиб ғалаба қозониш бу қаҳрамонлик деб биламан» – деб ўз фикрлари билан ўртоқлашди Рўзиқул Бердиев.

Тўғри, бугун жамоа ғалаба қозонди. Ҳакамлар ишини қандай баҳолайсиз. Шу вазиятлар аксинча ҳам бўлиши мумкин эди?

«Билмадим. Ҳакамлар хато қилишдан қўрқишганида вазиятларни кўриб чиқиб, қарор қабул қилишмас эди. Бу ерда фақат бош ҳакамнинг эмас, кўпчиликнинг қарори бўлди. Бўлиб ўтган вазиятларни яхшилаб ўрганиб, кейин қарор чиқаришди деб ўйлайман. Ҳакамлар ишига эътироз бўлиши мумкин эмас. Улар бугун ўйинни яхши бошқаришди. Бу гапларни ғалаба қозонганимиз учун айтмаябман. Улар ҳар бир вазиятни чуқур ўрганиб чиқишди» , – деди бош мураббий.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here