Қашқадарё ССБ Чироқчидаги ҳолат юзасидан «тилга кирди». Мутасаддиларга нисбатан интизомий чоралар кўрилган

599

6 ноябрь куни «Nasafnews.uz» сайтида «Чироқчида СОВИД-19 поликлиникасида ишлаган тиббиёт ходимлари сарсон қилинмоқда» номли танқидий мақола ва видеолавҳа эълон қилинганди.

Ўшанда муаммони ўрганиш учун борган журналистга Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Одил Шайманов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков ўқишда эканлиги учун COVID-19 поликлиникасида ишлаган шифокорларнинг қўшимча иш ҳақлари тўлаб берилишида муаммо бўлаётганини маълум қилганди. Буни қарангки, Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати берган муносабатда ҳамма айб туман тиббиёт бирлашмасининг ўзида экани ёзилган. Аммо бошқарма ахборот хизмати раҳбари сайт мухбири билан суҳбатда COVID-19 поликлиникаларида ишлаган ходимларга иш ҳақи тўлаш мураккаб жараён эканини айтганди.

«Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги вақтинча низом» асосида тадбирларга жалб қилинган ходимлар рўйхати кесимида шакллантирилган табеллар (иш ҳақи бериш учун ведомостлар) тегишли муассаса ва ташкилот раҳбарлари буйруғи билан тасдиқланган ҳолда дастлаб вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармасига, кейин ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдим этилади, деб бошланади билдирилган муносабат.


Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси негизида ташкил этилган COVID-19 махсус поликлиникасининг коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни амбулатор шароитда даволаш жараёнида иштирок этган тиббиёт ходимларига тасдиқланган тегишли рўйхат асосида 2021 йил 10 июлдан 31 июлгача ва шу йил 1 августдан 30 августгача жалб қилинган даври учун ойлик лавозим маошига қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари борасидаги ҳисоб-китоб ҳужжатларини тайёрлаш туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармаси масъуллари томонидан кечиктириб юборилган. Оқибатда бу ҳужжатлар 2021 йил 1 ноябрда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига етиб келган.

Шундан сўнг мазкур ҳужжатларни белгиланган тартиблар асосида ўрганиб чиқиш, таҳлил қилиш, рўйхатларни махсус штаб мутасаддилари томонидан солиштириш жараёни амалга оширилган. 2021 йил 8 ноябрь куни бу жараён якунланиб, ҳужжатлар тасдиқланди ва тўловни ташкил этиш бўйича зарур чоралар белгиланди.

«Ҳисоб-китоб ҳужжатлари тайёрлашни кечиктирган мутасаддиларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди. Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси айрим тиббиёт ходимларининг ўтган йилги рағбатлантириш тўловлари ҳақидаги мурожаатлари бўйича қўшимча ўрганишлар давом этмоқда» , – дейилади Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати томонидан берилган муносабатда.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here