Республика бўйича “қолоқ” 20 таликка Қашқадарёдан 5 та туман (шаҳар) ҳокими кирди. Бу натижа эса рейтингда вилоятни 13-ўринга тушириб юборди

4259

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Республикадаги туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда ҳоким ўринбосарларининг рейтингини эълон қилди. Уларнинг фаолияти иқтисод, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, ёшлар, маҳалла, қурилиш каби энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари бўйича баҳоланган.

Маълум бўлишича, баҳолаш жараёнида юртимиздаги 205 та туман ва шаҳар қамраб олинган. Республика миқёсида ҳокимлар рейтингида Қашқадарёдан Қарши шаҳри ҳокими нисбатан яхши кўрсаткич (78,2 балл) қайд этган ва умумий рўйхатда 116-ўринни эгаллаган. Яъни Қашқадарё туман (шаҳар)лари ҳокимлари “кучли” 100 таликка ҳам киролмаган. Таққослаш учун, энг яхши натижа кўрсатган (1-ўрин) Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани ҳокими 98,2 балл тўплаган.
Умумий рейтингда Қашқадарёдан Миришкор (76,4 балл, 132-ўрин), Косон (72,3 балл, 158-ўрин), Муборак (72,2 балл, 159-ўрин), Касби (71,1 балл, 167-ўрин) ва Қамаши (70,8 балл, 168-ўрин) туманлари ҳокимлари бошқа “ўзимизникиларга” нисбатан юқорироқ поғонада жойлашганини кўриш мумкин.

Энг ачинарлиси, Республика бўйича ҳокимларнинг энг қуйи 20 талигида вилоятимиздан 5 та ҳудуд (Ғузор тумани – 67,7 балл ва 187-ўрин, Қарши тумани – 67,6 балл ва 188-ўрин, Шаҳрисабз шаҳри – 67,5 балл ва 189-ўрин, Деҳқонобод тумани – 67,1 балл ва 191-ўрин, Нишон тумани – 67 балл ва 193-ўрин, Чироқчи тумани – 64,2 балл ва 199-ўрин) раҳбари ҳозирча “муқим” жойлашиб олган.

Аммо қувонарли натижа ҳам йўқ эмас. Ҳоким ўринбосалари рейтингида Миришкор тумани ҳокимининг иқтисод бўйича ўринбосари Республикада 145,7 балл билан 5-ўринга лойиқ кўрилган.

Ушбу рўйхатда ёшлар масаласи бўйича Шаҳрисабз (40,2 балл ва 1188-ўрин), Ғузор (37,9 балл ва 1189-ўрин), Деҳқонобод (37,7 балл ва 1190-ўрин), Чироқчи (34,6 балл ва 1194-ўрин) туманлари ҳоким ўринбосарлари ва Ғузор тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари (36,2 балл ва 1191-ўрин) фаолияти “қолоқ” деб топилган.

Ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари “қўлга киритган натижалар” бўйича Қашқадарё вилояти Республика ҳудудлари орасида 70 балл билан охиргидан битта аввалги ўринни “забт этган.”
Агентлик сайтида келтирилган маълумотга кўра, Қашқадарёда иқтисод (ўртача 109,4 балл) ва инвестиция (95,4 балл) соҳасида ишлар яхши кетаяпти ва бу йўналишлар юқори баҳога муносиб кўрилган. Маҳалла (76,3 балл)ва қишлоқ хўжалигидаги (76,1 балл) ишлар ўртача баҳоланган. Қурилиш (56,2 балл)ва ёшлар (53,1 балл) масаласи эса “энг оғриқли” йўналишлар бўлиб қолаяпти.

Қайд этиш жоиз, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари бўйича қониқарсиз натижа олган ҳоким ва ҳоким ўринбосарларига нисбатан қандай чора қўлланиши мумкинлиги ҳозирча маълум қилинмаган.

Мирзоҳид Жўраев тайёрлади

1 izoh

  1. Nima uchun qoloq bo’lgan tumanlarga chora ko’rilmayapti. Demak yuqoridagilaram nimadir qo’lidan olib yopdi~yopdi qilishyapti. Bu qon bilan kirgan odat.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here