Қашқадарёда собиқ маҳалла раиси калтакланиб, далага ташлаб кетилди (Видео)

3405

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги «Кўҳна шаҳар» маҳалласида 2021 йил 28 май куни қўй боқиб юрган собиқ маҳалла раиси Жўра Султоновни ҳамқишлоғи калтаклаб кетди.

Бу ҳақда «Nasafnews»га шикоят қилган жабрланувчи ва унинг қизининг айтишича, айни кунларда ИИБ ва суд зўравонга ён босмоқда. Ота ва қизни ноҳақ айбдор қилмоқда.

«1957 йилда Муборак туманида туғилганман. Миллатим туркман. 2008 йилдан 2019 йилгача Муборак туманидаги «Кўҳна шаҳар» маҳалласида раис лавозимида ишлаганман. Ҳозирда нафақадаман. Жорий йилнинг 18 май куни қўйларимни боқиб юрган эдим, шунда қўйларимнинг бир қисми йўқолиб қолганини сездим. Ҳамма чўпонлардан сўраб, қидириб бошладим. Ҳамқишлоғимиз P.T.ни учратиб қолдим ва ундан ҳам қўйларимни сўрадим. У эса бирданига менга ташланиб, «мен сенга чўпонманми?» деб жанжал қилиб кетди. Мен қочмоқчи бўлдим. Етиб олиб, ҳеч қандай сабабсиз юзимга мушт туширди. Қўлимдаги нарсалар сочилиб кетди. У бўлса велосипедимнинг «ключ»ини олиб, мени дуч келган жойимга уриб бошлади. Йиқилганимдан кейин ҳамма жойимга тепиб кетди. Юзим ва бурнимдан жуда кўп қон оқиб, ўзимни йўқотиб бошладим. Қўлида таёқ ҳам бор экан, менга ҳамла қилиб, «мен сени шу ерда ўлдириб кўмиб кетаман» деди. «Ҳозир акам ҳам келади. Акам иккаламиз сени ўлдириб кўмамиз» деди. Мен ўшанда нима учун, нима гуноҳ қилдим деб айтдим унга. У бўлса сени гуноҳинг кўп дейди. Мени шахсий еримга қўй боққансан деди», – деб гапиради фуқаро Жўра Султонов.

Шикоятчининг қўшимча қилишича, уни урган эркак 1985 йил туғилган. Ундан 28 ёш кичик.

«Кучли оғриқдан ўзимни йўқотдим. Кейин нима бўлганини эслай олмайман»,- деб гапиради фуқаро.

Маълум бўлишича, оғир тан жароҳати олган фуқаро шу куни Тез тиббий ёрдам шифохонасига ётқизилган. Фуқаронинг ҳаёти шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдамдан кейин сақлаб қолинган.

Жўра Султоновнинг калтакланганини эшитган қизи Шамшода Султонова ўша ҳудуддаги маҳалла профилактика инспекторига мурожаат қилиб борган. Шу ерда профилактика инспектори билан қиз ўртасида тортишув юзага келган. Ички ишлар ходимлари отасини топишга ёрдам бермаётганидан ғазабланган қиз профилактика инспекторига бақирган. Хона пардаларини йиртиб ташлаган. Чойнакларни синдирган. Бу ҳолатни эса профилактика инспектори видеога олган. Қизнинг айтишича, инспектор шу видеолар орқали уни 15 суткага қаматиш билан ҳам таҳдид қилмоқда.

«Ички ишлар мурожаатимизни эътиборсиз қолдирди. Дадамни биз чалажон аҳволда топдик. Агар эртачироқ ҳаракат қилмаганимизда дадам ўша далада ўлиб қолган бўларди. Шифохонага ётқизилгандан кейин ҳам ИИБга мурожаат қилиб, воқеани ўрганинглар, эртага судга керак бўлади деб жуда кўп бора айтдим. Аммо эътиборсиз қолдиришди»,- дейди Шамшода Султонова.

Шамшода Султонованинг сўзларига кўра, ҳолат юзасидан маъмурий суд ўтказилган. Аммо ота ва қизга бу ҳақида расман хабар қилинмаган. Қолаверса, судда жиноятчи эмас, жабрланувчи Жўра Султонов жаримага тортилган.

«Nasafnews» мухбири шикоятчининг бу важи юзасидан Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани суди раиси Алишер Қаҳҳоровдан маълумот олишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо суд раиси расмий хат билан мурожаат қилиш кераклигини айтиб, мухбирнинг саволларини жавобсиз қолдириб, гўшакни узиб қўйди.

Мурожаатни ўрганиш давомида «Кўҳна шаҳар» маҳалласининг профилактика инспектори, ўзини Билол деб таништирган шахс билан учрашишга, ундан фуқаронинг шикояти юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилиб кўрдик. Аммо профилактика инспектори фуқаро шикояти юзасидан изоҳ бериш учун Туман ички ишлар бўлими бошлиғи ёки вилоят Ички ишлар бошқармасининг матбуот раҳбари кўрсатмаси кераклигини айтди ва қолган саволларимизга аниқ жавоб бермади.

«Nasafnews» калтакланган фуқаро ва унинг қизидан видеоинтервью олган. Улар интервьюда воқеа ҳақида кўпроқ маълумот беради.



Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here