Спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ асосий маълумотлар

4271


Қаршида ташкил этилган матбуот анжуманида марҳум ММА жангчиси Элбек Раҳимовнинг ўлими билан боғлиқ бир қанча тафсилотлар очиқланди. Унда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Бош прокурор Ниғматилло Йўлдошев, Олий суд раиси Козим Камилов, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди. Матбуот анжумани тафсилотларига тўхталишдан аввал спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ тарқалган хабарлар ҳақида яна бир бора маълумот берамиз.

2021 йил 17 август куни Қарши шаҳри марказида Элбек Раҳимов ўзи билан аввалдан адоватда бўлган бир гуруҳ фуқаролар томонидан калтакланиб, Чироқчи туманига олиб кетилган. У ерда ҳам танасининг турли ерларига пичоқ, темир бўлаклари билан тан жароҳатлари етказилгач, ҳушсиз Раҳимовни Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасига ташлаб кетишади. Натижада касалхонада кўрсатилган ёрдамга қарамай, Элбек Раҳимов ўша куни соат 14:00 да вафот этган. Унинг ўлимига бош миянинг жароҳатлангани, бош суягининг синиши, кўкрак қафаси ва танасининг бошқа қисмларидаги жароҳатлар сабаб бўлган. Спортчининг ваҳшийларча ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолат жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди ва бу давом этмоқда.


1) 17 августь куни ярим тунда “Nasafnews.uz” сайтига йўлланган видеода Қарши шаҳридаги савдо дўконларининг бирида ўрнатилган кузатув камерасига Элбек Раҳимов (кейинчалик аниқланишича) ва бир гуруҳ йигитларнинг муштлашуви акс этгани ёзиб олинган видео келиб тушди.

2) Ушбу видео сайтга жойланганидан сўнг, ижтимоий тармоқлардаги турли телеграмм гуруҳларда ҳам тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати муносабат билдириб чиқди.

3) “Nasafnews.uz” сайти мухбирлари эртаси куни воқеа содир бўлган жойга бориб, биринчилардан бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганиб чиқишди.

Тайёрланган махсус видеода гувоҳлардан бири 102 га қўнғироқ қилганида аввалига улар гўшакни кўтаришмагани, кейин эса “заявка” қабул қилиб олишганини айтиб, гувоҳдан унинг исми-фамилияси сўрашганини орадан фурсат ўтиб яна қилинган қўнғироққа эса ИИБ ходимларидан қўпол жавоб олган гувоҳ бошқа уларга қўнғироқ қилмаганини айтади.


Иккинчи гувоҳ эса калтаклар “оғушида” қолган Раҳимовга ён-атрофда томошабин бўлиб турган эркакларнинг ёрдам бермаганини куюниб гапиради.

4) Шундан сўнг эса Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари ҳам воқеага муносабат билдириб чиқди.

Дастлаб сўзга чиққан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев «Эслатиб ўтишим керакки, Ўзбекистон қонунчилигида қонун устуворлиги таъминланган. Уларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш муҳим омил ҳисобланади» , – деб воқеага муносабат билдирди.

Воқеалар ривожи шу тахлит давом этиб, ҳолат бўйича Бош прокуратура Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилганини, гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган 7 нафар кишининг 6 нафари ушланганини маълум қилди. Жиноятни содир этганлар жами 8 нафар бўлган. Улар Чироқчи тумани ва Қарши шаҳрида қўлга олинган. 7 нафари шу куниёқ қўлга олинган бўлса, асосий гумонланувчи Зуҳриддин Боймирзаев эртаси куни Чироқчи туманида яшириниб ётган жойидан топилган.

Бобожоновнинг сўзларига кўра, спортчини ўлдиришда иштирок этган жиноий тўда бошлиғининг отаси ўз укасининг хотинини ўлдирган ва у ҳозир 14 йилга хукм қилинган. Қотиллик содир этганларнинг ҳаммаси нотинч оила вакиллари бўлиб, улардан 2 нафари мактаб ўқувчилари эканлиги аниқланган. Асосий гумондаги шахс З.Боймирзаев қотиллик ташкилотчиси бўлган бошқа бир йигит билан бир уйда яшаган.

Бундан ташқари, вазир воқеа содир бўлган маҳал хабар 102 рақамига келиб тушгач, ИИБ ходимлари воқеа жойига 21 дақиқадан сўнг етиб борганликларини ҳам келтириб ўтди. Пўлат Бобожонов мазкур жиноят ишини шахсан текширганини билдириб қуйидагиларни қўшимча қилди:

“Ҳар битта кузатув камерасини диққат билан кўриб чиқдим. Воқеа 3 дақиқа ичида содир бўлган. Воқеага гувоҳ бўлганлар ичида аёл киши бўлишига қарамасдан жабрланувчига ёрдам берган ўша аёлга раҳмат. Ўша ерда номерсиз қора жентра бўлган ва эътибор беринг, жентрага жами 8 киши бўлиб келиб, марҳумни уни ичига мажбурлаб тиқиб олиб кетишганида 9 киши бўлишган. Бу эса шуни кўрсатадики, жиноят олдиндан пухта режалаштирилган”.

Яна вазирнинг қўшимча қилишича, Раҳимовнинг ўлдирилишига мусобақадаги келишмовчиликдан бошланган жанжал сабаб бўлган экан.

“Жиноятчилар ва спортчи ўртасидаги жанжал қайсидир мусобақадаги келишмовчиликдан бошланган. Бирининг укаси, яна бирининг шогирди мусобақада баҳслашган. Бири ютган, бири ютқазган. Шундан келишмовчилик бошланган, лекин ҳеч кимга хабар берилмаган”, – дейди Ички ишлар вазири.

“Бундан ташқари, марҳум ёнида пневматик қурол олиб юрган, машинадан ҳам шу қурол чиққан. Бунақа қурол уларнинг ҳар иккисида ҳам бўлганлиги аниқ. Пневматик тўппонча ҳаво ва газ билан тайёрланадиган қурол. Ҳозир бунақа қуроллар кўп. Қарши ва Тошкентдаги қурол дўконларида ҳам сотиляпти”, дейди у.

Айни пайтда пневматик қурол дўконларини тартибга солиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли тартибда тақдимнома киритилган. Матбуот анжуманида Ички Ишлар вазири ҳозирга қадар сотилган бунақа қуролларнинг ҳисоби юритилмаганини тан олди.

Пўлат Бобожонов журналистлар томонидан берилган саволларга қўшимча қилиб, “Авваламбор шуни билдираманки, воқеа айбдорлари каби, унинг келиб чиқишига сабабчи бўлганларга ҳам албатта чора кўрилади. ИИВ да ҳам, прокуратура тизимида ҳам шундай ҳуқуқ бор. Жараён ҳақида ҳар дақиқада ахборот бериб борамиз. Буларнинг ҳаммасига ҳуқуқий баҳо берилади”,-деди.

Шунингдек, Бош прокурор Ниғматилло Йўлдошев воқеа бош прокуратура томонидан назоратга олинганини, барча маълумотлар прокуратура ҳужжатларида жамланаётганини, журналист ва блогерлар бу масалада ҳар қандай савол билан бош прокуратуранинг ахборот хизмати ҳамда вилоят прокурорининг матбуот котибларига юзланишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

“Менимча, маълумотлар ҳозирча етарли бўлса керак. Қолгани эса тергов сири ҳисобланади. Тушунасизлар деган умиддаман”,-дея қўшимча қилди Бош прокурор.


Бўлиб ўтган ҳодисадан хабар топган Элбек Раҳимовнинг укаси Акмал Раҳимов тезда GPS орқали акасининг геолокациясини аниқлаган ва машинада Чироқчи туманига йўл олган. Йўлда акасини урганларни кўриб қолган Акмал ва унинг шериклари улар билан жанжаллашган. Айнан мана шу каби ўзаро низолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтган Пўлат Бобожонов, бунақа адоватлар кейинчалик кучайиб, оилалар, қариндош-уруғ ва келажак авлодга таъсир қилмаслиги кераклигини ҳам таъкидлади.

Шунингдек, ушбу матбуот анжуманида Олий суд раиси Козим Камилов ҳам иштирок этди ва у ҳам ўз фикрларини билдирди:
«Бунақа жиноятларнинг афсуски, жамиятимизда тез-тез учраши кўнгилни хира қилади. Лекин бир нарсани унутмаслик керак ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ. Ҳозир 90-йиллар эмас, давлатнинг эгаси бор, суд бор, кимнидир самосуд қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу иш жиддий назоратга олинади. Очиқ суд бўлади, унда журналистлар ҳам иштирок этиши мумкин. Ҳатто биринчи судданоқ Олий суднинг ўзи иш билан шуғулланиши мумкин»,- деди Олий суд раиси.

Хуллас, матбуот анжуман якунланди. Қисқа, аммо долзарб берилган саволларга ОАВ вакиллари имкон қадар жавоб олишди. Фақат кўнгилни ғаш қиладигани биз спортдаги яна бир ютуқни эмас, балки яна бир йўқотишни муҳокама қилдик.

Муқаддас Исмоилова

Матбуот анжуманидан олинган суратлар:

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here