Ғузорлик аёл музқаймоқ савдоси орқали тадбиркорлигини йўлга қўйди

712

Ғузор туманида истиқомат қилувчи аёл Муҳайё Каримова ўзи яшайдиган “Батош” маҳалласида музқаймоқхона очди. У “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган эди. Шу имтиёз орқали банкдан кредит олиб тадбиркорлигини йўлга қўйди.

«Аввалига музқаймоқхона очиш фикри менда йўқ эди. Менга маҳалламиз раисаси Нилуфар Раупова ва ҳудуд сектор раҳбари Баҳодир Эркаев томонидан бу таклиф бўлгач ўйлаб кўриб рози бўлдим,- дейди Муҳайё Каримова. – Ҳамма ишга ўзлари бош-қош бўлишди. Менга банкдан кредит ҳам олиб беришди. Бундоқ ўйлаб қарасам, мавсумда бу ишдан топган маблағимни бемалол кредитимни ёпишга ва яна янги иш бошлашга сарфлашим мумкин экан».

«Ишонасизми, шу пайтгача маҳалламиздаги эр-хотинлар турмуш ташвишларидан ортиб оқшомда бирга сайрга чиқишганини кўрганим йўқ,-дейди биз билан суҳбатда маҳалла раисаси Нилуфар Раупова. -Мана шу музқаймоқхона очилди-ю, бу “анъана” ҳам йўлга қўйилди. Яхши бўлди. Болалари баҳона аёлларимиз ҳам энди уйда сиқилиб ўтиришмайди. Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларимиз учун турли егуликлар тайёрлаб кичикроқ тамаддихона очишни ҳам Муҳайёга маслаҳат бердим. Насиб, ишлари янаям юришиб кетади».

Излаган имкон топади, дейишади. Бугун берсанг ейман, бермасанг ўламан дейдиганлар учун Муҳайё Каримова сингари меҳнаткаш, тиниб-тинчимас аёлларимиз ўрнак бўла олади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here