Чироқчида профилактика инспекторига жароҳат етказилди. Унинг бошига шиша билан уришган

839

Чироқчи тумани «Бегламиш» маҳалласида яшовчи, муқаддам оғир турдаги жиноятларни содир этгани учун суд томонидан назорат ўрнатилган фуқаро профилактика инспекторига жароҳат етказди. Бу ҳақда «Nasafnews»га журналист Баҳодир Юсупов хабар берди.

Хабарга кўра, 2021 йилнинг 26 май куни соат 07:00 ларда Чироқчи тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли Ички ишлар бўлимига туманнинг «Бегламиш» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи уй бекаси Э.С. нинг эри А.И. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, жанжал кўтараётгани ҳақидаги мурожаат келиб тушади.

Муқаддам оғир турдаги жиноятларни содир этгани учун унга нисбатан суд томонидан назорат ўрнатилгани, профилактик назорат қоидаларига кўра ҳар ойда бир маротаба туман ички ишлар бўлими ёки таянч пунктига келиб учрашиши белгиланган бўлсада, у профилактика хизмати ходимларига белгиланган кунда келиб учрашмаганлиги сабабли, профилактика инспектори Зокир Далиев жанжал бўлаётган уйга боради.

Профилактика инспектори фуқаро А.И.ни тинчлантирмоқчи бўлганида у жанжал қилиб, катта лейтенант Зокир Далиевнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, унга фаол қаршилик кўрсатиб, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, унинг бош қисмига шиша идиши билан уриб, тан жароҳати етказган.

Натижада профилактика инспектори “бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия лат ейиши, чап чакка соҳаси эзилиб йиртилиши, танада шилинмалар кўриниши” тан жароҳатлари билан Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси «Кўкдала» шифохонасининг Хирургия бўлимига тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ Чироқчида маст фуқаро профилактика инспекторини ҳақорат қилиб, машинасига тош отиб, синдиргани ҳақида хабар берилганди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here