Шаҳрисабзда 5 ёшли болага боғчада жиддий жароҳат етказилгани айтилмоқда

2327

Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчи 5 ёшли Элёрбек Олимовнинг қиздирилган қозонда қўли куйдирилди. Боланинг онаси Ирода Раҳмонова бу иш бошида боғча тарбиячиларидан бири турганини айтмоқда. «Nasafnews» мухбирига мурожаат қилган боланинг яқинлари Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасига шикоят қилиб, ариза ёзганини ҳам маълум қилди.

Видео:

«2020 йил октябрь ойида боламни Шаҳрисабз шаҳридаги «Қуёшим» номли боғчага бергандим. Шу пайтгача яхши бориб келарди. Кейин руҳан ўзгарганини сездим. Болам кам гап бўлиб қолди. Жудаям шўх эди. Кайфияти йўқ, гапирмайди. Бир нарса сўрасак, боғча ҳақида айтмайди. Қўрқоқ бўлиб қолган»,- дейди боланинг онаси Ирода Раҳмонова.

Ирода Раҳмонованинг қўшимча қилишича, мазкур мактабгача таълим ташкилотида кузатув камералари ўрнатилмаган.

«Тарбиячилардан бири шўх болаларни уриб, қўрқитар экан. Қандай жараён кетаётганини билмоқчи эдик, афсус боғчада камера йўқ деб айтишди. Боламни ўзи бошида жуда қўрқди. Айтмади. Уйга бориб, сўраган эдим, «Махсуда боғча опам, қозон билан ётгунимча куйдирдилар» деб айтди. Шундан кейин, ҳолат бўйича ИИБга мурожаат қилдим».

Ирода Раҳмонова боғчада тарбия олаётган яна бир боланинг қўли куйдирилганини айтди.
«Ҳолат бўйича боғчага мурожаат қилиб борганимда болалардан яна бирининг қўли куйдирилганини кўрдим. Нимага буни ҳам қўли куйган деб айтганимда, буни ҳам қўли қозонга куйиб кетган дейишди», – дейди у.

«Nasafnews» мухбири жароҳат олган 5 ёшли Элёрбек Олимов билан суҳбатлашишга ҳаракат қилиб кўрди. Болакай бироз қўрқув билан бўлган воқеани гапириб берди.

«Куйдирганлар қозонга қўлимни, кейин ярам юлиниб кетган»,- деди у.

Боланинг холаси Гўзал Раҳмонованинг айтишича, жароҳат излари бирдан йўқолиб кетмайди. Куйиш жароҳатининг аcоратлари барибир қолиб, кейинчалик доғ бўлиб қолади.

Элёрбек Олимовнинг оёқларига ҳам тан жароҳатлари етказилганига гувоҳ бўлдик. Албатта, ҳолат юзасидан у тарбия олган боғча мудирасидан изоҳ олишга уриндик.

Мудира М.Боқиева мухбирга иш вақтида боғланиш кераклигини айтиб, юқоридаги важларнинг ҳаммасини ёлғон маълумот эканини маълум қилди.

«Боланинг шўхлиги оқибатида қозон сал пастроқ турган вақтида қўли тегиб кетган. Атай боғча опаси бориб, қўлини куйдирмайдику»,- дейди мудира.

У мухбир билан суҳбат давомида бундай воқеа содир бўлмаганини айтиб, боланинг яқинлари ва боланинг ўзи нотўғри маълумот берганини ҳам таъкидлади.

Боланинг холаси Гўзал Раҳмонова сўзларига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят ИИБга мурожаат этилгандан сўнг, терговчи А.Эргашев томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аммо А.Эргашев билан бир неча бор телефон орқали боғланганимизда, у саволларимизга жавоб беришни истамади. Кейинчалик қўнғироқлар жавобсиз қолдирилди.

Бизнингча 5 ёшли бола ҳали ёлғон гапиришни билмаса керак!
Нима бўлган тақдирда ҳам мазкур ҳолатни мутасаддилар назоратига олиб, айбдорларга қонуний чора кўрилади, деган умиддамиз.
«Nasafnews» воқеалар ривожини кузатиб боради.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here