Қашқадарёдаги корхона тобора қарздорлик ботқоғига ботмоқда, давлатдан ажратилган субсидия ҳам уларга ёрдам бера олмаса керак

1322
Кўпчилигингиз ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам кўп қаватли уйлардаги иссиқ сув, электр таъминоти ва газ учун аҳолидан тўловларни йиғиб юрувчи ходимларга кўзингиз тушган бўлиши мумкин.

Қишнинг қаҳратонли кунларида ҳам, кузнинг салқин об-ҳавосида ҳам ишлайдиган бу ходимлар Қашқадарё вилоят “Иссиқлик манбаи” Давлат унитар корхонаси ишчилари ҳисобланади. Иш вақти иш ҳақи билан умуман тўғри келмайдиган бу ташкилот ишчиларига ўрта ҳисобда бир миллиондан тортиб, саккиз юз минггача ойлик маош тўланар экан.

Энг қизиғи эса, бу пулларни ходимларнинг ўзлари аҳолидан кунлик йиғилган “тушум” пуллари орқали ишлаб топишлари маълум бўлди.

«Агар бир кунда аҳолидан ўн миллион сўм тўлов олиб келинса, ўша пулнинг 40 % и ходимга, қолган 60% и давлатга топширилади. Чунки бу пуллар ичида унинг солиғи ҳам бор-да»,-дейди корхона раҳбари Қаҳрамон Жўраев бу ҳақда фикр билдирар экан.

Ўтган йилнинг шу чорагига қадар аҳолидан унидирилиши керак бўлган қарздорлик  2 млрд сўмдан ортиғини ташкил қилмоқда. Бу эса ўз ўрнида ходимларнинг иш ҳақларни қисқартирилиши ва шундоқ ҳам берилмаётган маошларнинг янада чўзилишига сабаб бўлмоқда.

«Тўғри, бизда ойликларни ўз вақтида бера олмаслик масаласи энг долзарб вазифа сифатида турибди. Лекин бу ўтган ёки шу йилда пайдо бўлган муаммо эмас. Бу 2014 йилдан буён корхонани қийнаб келади. Мавжуд қарздорлик туфайли йил бошидан буён корхонага  318  миллион сўм давлат томонидан берилган маблағ субсидия сифатида зарарни қоплаш учун ажратилган лекин бу пулларни биз аҳолига иссиқ сув, газ, электр энергияни сотиш учун индекс билан сотиб олиб, индекссиз сотишга йўналтирганмиз».

Исмини ошкор қилишни истамаган бир ходимнинг сўзларига кўра, улар 2021 йил бошидан токи шу кунга қадар ўз ойлик маошларини тўлиқ ола олмаётган эканлар.

«Қарздор аҳолига борсак улар “тўлаймиз, ҳозир пулимиз йўқ” дейишади ёки бизни кўриб эшигини ичкаридан беркитиб оладиган, ойлаб қочиб юрадиганлар ҳам бор. Ахир бизда ҳам бола-чақа, оила, рўзғор бор буни улар умуман тушунишмаса нима қилайлик? ». – дейди у.

Қашқадарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси тасарруфидаги бу корхона ростдан ҳам молиявий жиҳатдан қийин аҳволда. Бу борада бошқарманинг матбуот котиби Шерзод Холяров шундай дейди:

«Ҳақиқатдан ҳам ушбу корхона Қашқадарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига қарашли бўлиб, молиявий жиҳатдан мустақил корхона саналади. Юқорида келтирилган муаммо йўқ, деб айта олмаймиз. Ростдан ҳам бизда ишчиларнинг ойликлари билан боғлиқ масала мавжуд ва у кўп вақтлардан буён ўз ечимини топгани йўқ»,- дейди бошқарма матбуот котиби.

Аслида корхонада 16 нафар доимий иш ўрни ва мавсумий 45-48 нафар ишчи ўринлари бор. Фақат уларнинг ойликлари корхонанинг мустақил молиявий таъминотидан тўланади.

Тушунарли, корхона бошқарма тасарруфида. Бошқармага давлат бюджетидан пул ажратилади. “Иссиқлик манбаи”ДУК эса ўз-ўзини молиявий жиҳатдан таъминлайди. Аниқроғи, таъминлаши шарт. Йўқса, пулсиз қолиши аниқ. Бунинг учун эса хонадонма-хонадон “сарғайиб” коммунал тўловлар учун юрган ишчиларга аҳоли ўз вақтида тўлов қилса бас. Юқоридаги йиллар давомида тўпланиб келаётган муаммо бартараф этилади.

Шу ўринда савол туғилади, ростдан ҳам оиласида контракт тўлови бор талаба, ногирон ёки бемори бўлганлар қандай қилиб олти ойлаб ёки йиллаб тўлиқ маошсиз оиласини боқиши мумкин?

Балки боқиши мумкиндир? Чунки, биз борига қаноат қиладиган ва шукрини келтирадиган халқмиз. Давлат бюджетидан пул ажратиладими ёки ўз-ўзини молиялаштирадими фарқи йўқ. Ойлаб, ҳатто йиллаб маош олмасдан, тағин ёзда ҳам қишда ҳам дакки-дашном эшитсакда, ҳалол меҳнатнинг ортидан топган бир бурда нонимизга қаноат қиладиган одамлар кўп орамизда.

Муқаддас Исмоилова тайёрлади

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here