«Биз бюджет ҳисобидан бунча армияни боқиб турибмиз». Китоб тумани ҳокими ёпилган меҳрибонлик уйи атрофидаги гап-сўзларга муносабат билдирди

1164

Сўнгги кунларда кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган Китоб туманидаги 5-сонли меҳрибонлик уйининг ёпилиши муносабати билан туман ҳокими Алишер Закиров куни кеча вилоятдаги айрим блогерларнинг саволларига жавоб берди, дея хабар бермоқда «Nasafnews» мухбири.

Алишер Закировнинг маълумот беришича, Меҳрибонлик уйи ўрнига режа асосида мактаб-интернати ёки академик лицей очиш режа қилинмоқда.

«Айни вақтда ушбу меҳрибонлик уйи ҳақида ҳар хил гаплар юрибди. Сотувга қўяр экансизлар, тадбиркорга берар экансизлар деган миш-мишлар қулоққа эшитилмоқда. Лекин биз бу бинони ёпганимиздан кейин, ушбу жойни сотишга қўймаймиз. Тадбиркорга ҳам бермаймиз. Меҳрибонлик уйи ўрнига режа асосида мактаб-интернати ёки академик лицей очишни ният қиляпмиз. Мен ўшаларга ҳам айтдим, агар сиз яхши тарбиячи бўлсангиз, яхши кир ювувчи бўлсангиз , яхши ошпаз бўлсангиз биз сизни ҳеч қачон кўчада қолдириб қўймаймиз. Авваламбор, биринчи ўринда меҳрибонлик уйининг ходимлари билан гаплашиб, бўш иш ўринларига жойлаштирамиз, дея тушунтирдим. Бироқ суҳбат давомида мен уларга “сизлар тарбиясиз тарбиячи” бўлиб турганда қандай қилиб сизлар билан гаплашиб олишим мумкин дея айтиб ўтдим. Шундан кейин улар менинг гапларимни тушуниб, биргаликда улар билан қонун доирасида суҳбат олиб бордик. Яъни, биз меҳрибонлик уйини ёпганимиздан сўнг бу ердаги ишчи-ходимларга 2 ой давомида компенсация тўловини беришимиз қонунчиликда белгилаб ўтилган. Бироқ биз бу нормадан бироз четга чиқиб, ишчи-ходимларга 3 ой давомида компенсация тўловини тўлаб беришга ваъда бердик» ,- деб фикр бидирган Китоб тумани ҳокими.

Шунингдек, Алишер Закиров Китоб туман халқ таълими бўлими ўқувчиларнинг турли хил фан олимпиадасидаги иштироки асосида ҳар йили тузиладиган рейтингда республика бўйича 5-ўринда туришини, Китоб туманида кадрлар тайёрлаш имконияти жуда катта эканлигини санаб ўтган.

«5-сонли меҳрибонлик уйи ўрнида очиладиган мактаб интернати ёки академик лицейига тумандаги иқтидорли болаларни бир жойга жамлаб, яхши таълим бериб ўқитишнинг нимаси ёмон. Ахир бугунги кунда сифатли кадрларга талаб кундан кунга ортиб бормоқда. Бунинг устига ушбу жой меҳрибоклик уйи эмас, балки мактаб-интернати сифатида тилга олинса, бунинг устига бу ерда ота-онасининг ҳақ-ҳуқуқидан маҳрум қилинган болажонлар эмас, ота-онаси, қариндоши билан яшайдиган , меҳрга зор бўлмайдиган болалар ўқишини ҳамма хоҳласа керак», – деди Закиров.

Туман ҳокими меҳрибонлик уйи ходимлари овқатланиш учун ушбу муассаса ошхонасидан фойдаланаётгани ҳақида ҳам гапирди.

«Мен кир ювувчи аёлга жамоат ишларига жойлаб қўйишни таклиф қилдим. Бу иши учун 700 минг сўм ойлик олишини айтиб ҳам ўтдим. Йўқ деди. Менга тўғри келмайди, дея рад жавобини бериб ўтди. Ваҳоланки, ушбу кир ювувчи аёл меҳрибонлик уйида 250 минг сўмга ҳам ишлаб туришга рози. Сабаби эса овқатланиш учун меҳрибонлик уйидаги “столовой”дан фойдаланар экан. Кўриниб турибдики, биз бюджет ҳисобидан бунча армияни боқиб турибмиз, лекин сифати ёмон бўлса, ундан давлатга нима фойда», – деган туман ҳокими.

«Nasafnews» мухбири Гулчеҳра Хурсандованинг қўшимча қилишича, A.Закиров вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Тўлқин Каримовдан қўшимча маблағ ажратишни сўраб,  5-сонли меҳрибонлик уйи ўрнида очиладиган мактаб интернат қошида қўшимча бино қуриш режаси борлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда бу масканнинг ёпилиши қашқадарёлик блогерларнинг турли танқидларига учраб келмоқда. Блогерлар болалар бошқа меҳрибонлик уйига кўчирилишига рози эмаслиги ҳақида хабарлар тарқатмоқда. Бу хабарлар орасида болалардан бири Президентга йиғлаб мурожаат йўллаганини ҳам кўриш мумкин.

Мавзуга доир: Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таклифи қашқадарёлик блогерларнинг танқидига учради

Айни пайтда Китоб туманида 5-сонли Меҳрибонлик уйи фаолияти тугатилганлиги сабабли тарбияланувчилар Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйига кўчирилган.
Кўпчилик бу даргоҳда шароит қониқарли эканини айтмоқда.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here