«Сўйиб кетамиз деб айтишди». Қашқадарёда ўқувчиларга 2 баҳо қўйган ўқитувчи калтакланди (Видео)

12778

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134 -умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шохнур Оққузиев ўқувчилардан бирининг акалари томонидан қаттиқ калтакланди. Ҳолатни ўрганган «Nasafnews» мухбирининг маълум қилишича, воқеа жорий йилнинг 6 апрель куни содир бўлган.

«6 апрель куни мактабда 6-А синфда дарсим бор эди. Кейин дарсга кирдим, инглиз тилидан. 5-соатда ўқувчиларнинг кўпчилиги дарсга тайёрланиб келмаганлиги сабабли уларга паст баҳо қўйдим. 6 ёки 7 нафар ўқувчига журналга 3 баҳо, кундаликларга эса уйдагилари хабар топсин деб 2 баҳо қўйгандим. Кейин бир ўқувчим норози бўла бошлади ва жаҳл қилиб чиқиб кетиб қолди. Дарс тугагандан кейин журналларимни йиғиштириб пастга тушсам, ўша ўқувчи келиб, устоз сизни акам чақиряпти деб қолди. Мен ҳар доимги ота-оналардан бири бўлса керак, деб ўйладим. Борганимда эса 3 нафар йигит турган экан, сенми ўша зўравон деб бирдан қўлимга тармашиб кетишди. Ўша пайтда рустили ўқитувчимиз воқеа устидан чиқди. Ёши каттароқ бўлгани учун устозга қочинг, кетинг дедим.
Кейин мени четга тортиб бошлашди. Ака эшитаман десам, сен зўравонсан деб тармашишди. Нима қилдим мен, шикоятингиз бўлса устимдан арз қилинг дедим. Ўша вақтда ичимга муштлаб ура бошлашди. Ўзимни ўша ҳолатда ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим. Тўғриси кучим етмай қолди. Кейин улардан бири бўйнимдан бўғиб кетди. Кейин ўзимни йўқотдим» ,  – дейди жабрланган ўқитуви Шохнур Оққузиев.

Калтакланган Шохнур Оққузиевнинг айтишича, жанжални мактаб ўқитувчилари тўхтатиб қолган. Агар улар зўравонларга қаршилик билан чиқишмаса, ҳозирда ўқитувчининг жароҳатлари бунданда оғирроқ бўларди. Ўқувчининг акалари ўқитувчини калтаклаганидан кейин таҳдид ҳам қилган.

«Калтаклашгандан кейин, сен кетиб қолмай тургин, кечга сўйиб кетамиз. Тайёр бўлиб тур шу ерда, деб айтишди. Шундан сўнг, она тили фани ўқитувчиси маҳалла инспекторни чақирди», – деб қўшимча қилади жабрланувчи.

Жабрланувчи 2 баҳо қўйган ўқувчи маънавий- маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Абдуносир Хошимовнинг ўғли эканини, уни калтаклаган йигитлар эса мактабнинг собиқ ўқувчилари эканлигини айтмоқда.

«Nasafnews» мухбири бу иддаоларга аниқлик киритиш мақсадида 134- мактабнинг маънавий- маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдуносир Хошимов билан боғланди. Ўринбосар мактаб ҳудудида жанжал содир бўлганини рад этмади. Аммо воқеага унинг фарзандлари сабабчими ёки йўқ, бунга аниқлик киритишни истамади.

Калтакланган ўқитувчининг онаси эса ўғлининг кейинги фаолиятидан хавотирланмоқда.

«Ўғлим Миллий университетнинг филология факултетини 2020 йилда тамомлаганди. 4 курсда таҳсил олаётганда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ўғлимнинг контрактини тўлашга ёрдам берганди. Шарти эса чекка ҳудудларга бориб дарс бериши керак эди. Ўғлим ҳозирда 100 км масофага Қарши туманидан Чироқчи туманига қатнаб ишлаяпти. Чекка қишлоқни фарзандларига чет тилини ўргатишга астойдил ҳаракат қиляпти. Яхши ният билан ишга кирганига ҳали атиги 6 ой бўлди. Лекин таҳдидларга қолиб, калтаклангани менга ҳам унга ҳам жуда оғир ботди. Унинг келгуси фаолиятидан хавотирга тушяпман», – дейди ўқитувчининг онаси Инобат Қурбонова.

И.Қурбонованинг айтишича, ўғли шифохонага ётқизилгандан кейин «зўравон» йигитлар ва уларнинг қариндошлари бир неча бор келиб узр сўраган. Келишиб олишни таклиф қилишган.

Маълум бўлишича, айни пайтда Шохнур Оққўзиев вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг билаклари, бели ва оёғига жиддий шикаст етказилган.

«Nasafnews» мухбири воқеа юзасидан қўшимча маълумот олиш учун «Умакай» маҳалласи профилактика инспектори билан боғланди.

«Шохнур Оққузиевга Суд тиббий экспертизасига қарор чиқариб берганман. Экспертиза менга жавобини беради. Жабрланувчи ҳозир даволаняпти. Ҳуқуқбузарларга экспертиза натижасига қараб баҳо берилади. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда» ,- дейди «Умакай» маҳалласи профилактика инспектори Сардор Аҳмадов.

Воқеа бўйича «Nasafnews» видеолавҳа ҳам тайёрлаган. Лавҳада кўпроқ маълумот олиш имкониятига эгасиз.

3 Izohlar

  1. Аввало укувчининг отаси булмиш маънавий-маърифий ишлар буйича директор уринбосари хам рахбар сифатида, хам ота-она сифатида чора курилиши шарт. Иски ишлар ходим участка нозири уз ишига локайдлиги учун иски ишлар органидан хайдалиши лозим. Качонгача укитувчи тахкирланади. Каттик чора курилса бу бошкаларга урнак булади. Узбекистонда укитувчининг хурмати йук. Хакикат хам йук. ХУКУКНИ ХИМОЯ КИЛОЛМАЕТГАН ТАШКИЛОТЛАР СИЗЛАР НИМА УЧУН ХАК ОЛАЯПСИЗЛАР? ЖИНОЯТНИ ЯШИРИШ УЧУНМИ? Мактабнинг рахбарларига маьмурий чора курилиши шарт. Ишлар кетиши Билан бирга

    • Етказилган жисмоний ва маънавий зарарни коплаш, мактаб рахбариятини тубдан янгилаш ва уларга интизомий чора куриш оркали ишлар бушатиш лозим. Участка нозири га хам чора куриш лозим. Узбекистон бунака ландовурлар Билан хеч качон ривожланмайди.

  2. Agar qattiq jazo koʻrilmasa
    Kelajakda bundanda yomon hodisalar boʻlishi mumkin inson qadr qimmati qayerda qoladi
    Taʼlim tarbiyasi past nochor ahvoldagi
    Bu yigitlar qattiq jazolanishi shart
    Bu uquvchini uydagilari
    Yani otasi ham bunga javobgar

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here