Қашқадарёда 3 та туман халқ таълими бўлими мудири аттестациядан ўта олмади. Улар ишдан бўшатилиши мумкин

3556
Хизмат автомашинаси калитини олаётган Қарши тумани халқ таълими бўлими мудири М. Боқиев.

Қашқадарё вилоятининг Китоб, Ғузор ва Қарши тумани халқ таълими бўлими мудирлари халқ таълими бўлимлари бошқарув ходимиларининг баҳолаш жараёнида ўтказилган синовлардан ўта олмаган. «Nasafnews» мухбири хабарига кўра, бу раҳбарлар ишдан бўшатилиши мумкин.

Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармасининг масъул ходими тасдиқлаган маълумотга кўра, синовлар фаолияти бир йилдан ошган бўлим мудирлари ўртасида ўтказилган.

Маълумот учун, Қарши тумани халқ таълими бўлими мудири лавозимида Мейли Боқиев, Китоб тумани халқ таълими бўлими мудири лавозимида Авлақул Авлаев, Ғузор тумани халқ таълими бўлими мудири лавозимида эса Рисолат Эшқобилова фаолият кўрсатиб келаётганди.

Халқ таълими вазирлиги бундан аввалроқ Самарқандда халқ таълими раҳбар ходимларини баҳолаш натижаларини эълон қилганди. Баҳолаш натижалари салбий бўлган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси икки ҳафтадан сўнг бекор қилиниб, уларга мутахассислиги ва малака даражасига мос бошқа лавозимлар таклиф қилинади, деб ёзганди вазирлик.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here