Нишон тумани халқ таълими бўлимида қандай «ўйин» бўляпти?

2381

«Nasafnews»га Нишон туманидаги мактабларда фаолият кўрсатувчи бир гуруҳ ўқитувчилардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатларда айтилишича, ўқитувчиларнинг март ойидаги иш ҳақининг 60 фоизи тўлаб берилмаяпти.

Ўз шахсини сир қолишини сўраган ўқитувчилар, халқ таълими бўлими мудири ва ҳисобчи ўртасидаги низо сабаб иш ҳақларини ололмаётганларини айтишмоқда.

«Nasafnews»га келиб тушган хат ҳам буни исботлайди. Маълум бўлишича, Нишон тумани Халқ таълими бўлими бош ҳисобчиси Аброр Мўминов қатор ташкилотларга билдириш хати ёзган. Хатда келтирилишича, 2020 йил 11 декабрдан буён Нишон тумани Халқ таълими бўлими мудири вазифасида иш бошлаган Жаҳонгир Холмуратов бош ҳисобчига Давлат хизматлари маркази томонидан берилган элекртон имзо калити бекор қилинганлигини айтган.

 

Аброр Мўминов «Nasafnews» мухбири билан суҳбатда бўлим мудири билан ўртада низо йўқлигини айтиб, март ойидаги иш ҳақларининг 60 фоизи 1 апрелдан 4 апрелгача тўлаб берилиши кераклигини, аммо 7 апрелгача тўланмаганини қўшимча қилди.

«Nasafnews» мухбири Нишон тумани Халқ таълими бўлими мудири Жаҳонгир Холмуратов билан ҳам суҳбатлашди.

«Иш ҳақининг кечикиши сабаби 37 та мактабнинг иш ҳақи ғазнага келиб, банкка бориб тушган. Рустамжон Холёров деган ёрдамчи иқтисодчи сўровнома билан пластик рўйхатини бераман деганда Аброр Мўминов деган бош ҳисобчи ўзини паролини ёпиб қўйган»,- дейди у.

Ж.Холмуратов ўқитувчиларнинг маошлари кечикаётганини банкка сўровнома ва пластиклар рўйхати жўнатилмагани билан ҳам изоҳлади.

«Буни сабабчиси ҳам бош ҳисобчи ўзини паролини ёпиб қўйганлиги. Уни пароли билан ҳеч нарса чиқариб бўлмаяпти»

Бўлим мудири бош ҳисобчини маошларни ўзлаштиришда ҳам айблаб, «Қандай қилиб шунча ўғирлик қилган одамга яна ишонч билдириш мумкин деб ўйлайсиз» деди мухбир билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, Нишон туманида жами 40 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Уларга ҳозиргача март ойининг иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилмаган. Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармасидан ушбу масалани назоратга олишини сўраймиз.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here