Қашқадарё ССБ Ғузордаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга изоҳ бера туриб, Қарши шаҳрида ҳам бир бемор вирусдан вафот этганини маълум қилди

1229

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 14 нафар шахсда коронавирус инфекцияси аниқлангани ва улардан бири вафот этгани, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботида эса бу ҳолат қайд этилмагани ҳақидаги хабарлар эълон қилинди. Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати бу хабарларга муносабат билдирибди.

Маълум бўлишича, Ғузор туманилик 68 ёшли эркак бемор Н.Р. бир қатор касалликлари сабабли диспансер назоратида турган. Жорий йил 23 февралдан ўн кун давомида пойтахтдаги 2-марказий клиниканинг кардиология бўлимида даволанган.

Беморда қандли диабет II тип, юрак-ишемик касаллиги ва ўн икки бармоқли ичак яраси, сурункали холецистит, сурункали простатит сингари қатор касалликлар қайд этилган.

Жорий йилнинг 19 март куни унда коронавирус инфекциясига қайд этилиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига келтирилган. Ўтказилган махсус текширувлар натижасидан унда коронавирус тасдиқланган. 25 март куни соат 23:55 да COVID-19 оғир даражасининг асоратли кечиши ва ёндош касалликлари сабабли вафот этган. (Ижтимоий тармоқларда қайд этилганидек, 3 апрелда эмас).

Мазкур ўлим ҳолати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 26 март ҳолатидаги маълумотида акс этиб, маълумот ССВ телеграм каналида 27 март куни эълон қилинган.

Бундан ташқари, шу йилнинг 20 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига COVID-19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли келтирилган Қарши шаҳрилик 65 ёшли бемор аёл А.Г. 29 март куни соат 08:15 да коронавирус оғир даражасининг асоратли кечиши, қандли диабет ва бошқа ёндош касалликлари сабабли вафот этган.

Мазкур ўлим ҳолати ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 29 март ҳолатидаги маълумотида акс этган ва 30 март куни вазирлик телеграм каналида эълон қилинган.

Маълумот ўрнида келтириш зарурки, ССВ ҳисоботларида март ойининг учинчи ўн кунлигида Қашқадарёдан жами 20 нафар коронавирус инфекцияси юқтирган бемор қайд этилган.

Мавзуга доир: Ғузорда 14 кишида вирус аниқланди. Касалланганлар ССВнинг расмий статистикасида йўқ. Нега?

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here