Зойир Мирзаев Қарши шаҳрида эгасиз тизим пайдо бўлганини айтди

1819

Бугун Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев такрорий мурожаат қилган фуқаролар билан учрашди. Бу ҳақда «Nasafnews»га Қашқадарё вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Муаммолари ечилмагани сабабли такрорий мурожаат қилган Қарши шаҳар фуқаролари билан учрашув масъуллар учун қаттиқ ўтди.
«Бугунги сиёсатни тушунмаган, аҳоли мурожаатларига бефарқ қараган раҳбарлар ва масъуллар жазосиз қолмайди, – деди Зойир Мирзаев. – Шаҳарда янги «мурожаатларни ечиш занжири» (таҳр. – раҳбарга, ўринбосарга, бўлим бошлиғига, мутахассисга ва яна қайтиб мурожаатчи яшайдиган маҳаллага қайтиб борадиган эгасиз тизим) пайдо бўлибди. Ҳамма бефарқ раҳбарлар ўрганиб чиқилади».

«Nasafnews» мухбирининг аниқлик киритишича, Қарши шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ғайрат Султонов унга мурожаат қилган фуқаронинг мурожаатини 1 йил давомида эътиборсиз қолдириб келмоқда.
Бунинг оқибати ўринбосарга қимматга тушадиган бўлди.
У энди фуқарони сарсон қилгани учун 3 ойлик иш ҳақисини ўтказиб беради.

Шунингдек, вилоят ҳокимлигининг ҳуқуқшуноси Нуриддин Раҳматов ҳам фуқаролар мурожаатига бефарқ қарагани учун «ҳайфсан» олди.

1 izoh

  1. Хурматли Nasafnews жонкуяр ва халқпарвар мухбирлари, сизга Қарши шахар Мағзон МФЙ Сохибкор кўчадан мурожаат қилмоқдамиз (вилоят ДАН, обл гаи рўпарисидаги кўча), сиздан шуни илтимос қилардикки шахар марказидаги қишлоққа бир таклиф буюрсангиз. Мустақил бўлганимизга насиб бўлса 30 йил бўлади лекин шу давр мобайнида бирор марта на шахар хокимини на вилоят хокимини қадами етди. Кўчаларимиз ёзда бир қарич тупроқ, қишда тизза бўйи лой. Кўчада ёши кекса нуронийлар ва илмга чанқоқ мактаб ўқувчилари юришга қийналишади. Қишда болаларимиз эрталаб тозза кейимда чиқиб кетиб уйга келганида эса устлари бир аҳволда тиззагача лой бўлиб келишади, ёши катта нуронийлар эса лойда сирпаниб йиқилиб кетишдан қўрқиб кўчага чиқмасдан фақат уйда ўтиришади. ёмғир ёғса қайиқ керак бўлиб қолади. Ёзни куни эса фақат чанг, тупроқ ютиб кун ўтади. Наҳотки юртимизда ва шахримизда шунча ўзгаришлар бўладиган бир вақтда бизни шахар марказидаги қишлоққа хеч ким назар солмаса. Махаллага хам мурожаат қилганмиз. Тўғри шахримизда жуда катта ўзгаришлар бўлмоқда, кўчалар асфальт бўлмоқда, буни кўриб хурсанд бўламиз лекин яна шу кўчамизга киргандан сўнг хафсаламиз пир бўлиб хуллас гапиришга тил ожиз. Такси билан кўчага киришимиз билан хайдовчи бу кўчага кирмайман деганда тўғриси шу кучага яшаганимиздан афсусланимиз. Туманларда яшайдиган дўстларимиз бор, туман четида хақиқий қишлоққа яшаса хам кўчалари асфальт, борсак шахарлик дўстлар келишди деб роса устимиздан кулишади, чунки улар кўчамизга келиб нахотки шахарда шунақа хароба кўча борлигига лол бўлиб қолишади. Кўчамизга, уйимизга тумандан мехмон келса тўғриси уялиб қоламиз, хар сафар келишганда яқинда асфальт қилиб беришаркан деб хар сафар ёлғон гапирамиз. Хурматли Презедентимизнинг хар бир чиқишларида фақат халқни рози қил, фақат халқни рози қил деб бот бот гапирадилар. Халқни рози қилиш учун қанчалик куйиниб кечаю кундуз тинмасдан харакат қилиб юрган бир вақтларида нахотки вилоятимиз, шахримиз маъсуллари харобага айланган кўчаларга эътибор беришмаса, фақат кимдир тошкентдан келса харакатга келиб қолишса. Ура ур қилиб ишлаб қолишса. Тўғри Нормумин Яхшиевич келгандан кейин шахар тубдан ўзгара бошлади лекин бизда яна шубха уйғонади, бизнинг кўчада хам хоким келарканми, бизни кўчамиз хам обод бўларканми деб. Ёки яна 30 йил ўтиб мустақиллигимизни 60 йиллигига кўчаларимиз обод бўлар. Ўтган 30 йил булар учун камлик қилар.
    Қачон бир блогер топиб ижтимоий тармоқларга чиқиб шахарни шарманда қилгандан кейин бўладими, биз шахримизни бошқа вилоят, бошқа давлатларда ижтимоий тармоқлар орқали мухокама қилинишини хохламаймиз. Сизлардан илтимос бир келиб кетинг шахар марказидаги қишлоғимизга…..
    Хурмат билан қишда лой кечиб ёзда чанг ва тупроқ ютиб юрган аҳоли…..
    Албатта жавоб кутиб қоламиз!!!!
    Бу аввалги ёзган мурожаатимиз.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here