Қаршидаги эски «Агора» мажмуаси олдидаги автостанция ёндош туманлардан келувчи таксилар учун охирги тўхташ нуқтаси бўлади

434
Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси ва вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамкорлигида Қарши шаҳрида профилактика тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида сунъий автотураргоҳлар кўздан кечирилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълумки, туманлардан келувчи йўловчи ташувчи транспорт воситалари айни пайтда вилоят марказидаги аксар аҳоли гавжум, серқатнов нуқталарда сунъий “стоянка”лар ташкил қилиб олган. Ушбу такси ва автобусларнинг йўловчи тушириш ва олиш мақсадида шаҳар ичигача кириб келиши кўчаларда тирбандлик ошишига сабаб бўлаяпти.
Қарши шаҳридаги “Самсунг” ва “Арбат” дўконлари атрофида, “Умида” чойхонаси рўпарасида, Ғузор ва Насаф кўчаларида йўл ёқасида юзага келган автотураргоҳларга борилди. Бу ердаги ҳайдовчилар билан суҳбатлашилди.
Эски “Агора” мажуаси олдидаги автостанция Нишон тумани, Талимаржон шаҳарчаси, Касби тумани ҳудуди бир қисми, Миришкор тумани ҳамда Қарши тумани Бешкент ҳудудидан қатновчи йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун охирги тўхташ нуқтаси бўлиши тушунтирилди.
Лицензиясиз йўловчи ташиш қонунга хилоф экани, бунга амал қилмаган ҳайдовчилар жавобгарликка тортилиши ҳақида ҳам қатъий огоҳлантириш берилди.
Қайд этиш керак, тирбандликларни камайтириш мақсадида Қарши шаҳрига кириш жойларида 5 та шоҳбекат ташкил этиш кўзда тутилган. Шоҳбекат фаолиятини йўлга қўйиш бўйича маҳаллий ҳокимлик томонидан тадбиркорларга ер майдонлари белгилаб берилган.
Эслатиш лозим, тегишли ташкилотлар билан биргаликда эртадан ушбу сунъий тураргоҳларда қатъий назорат тадбирлари олиб борилади. Тартибга амал қилмаган ҳайдовчиларга нисбатан чоралар кўрилади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here