«Вилоят раҳбарлари бизнинг маҳаллага ҳам келиб кетсин». Шаҳрисабздаги кўп қаватли уйлар муаммоси ҳақида

446

«Nasafnews»га Шаҳрисабз шаҳри Боғибаҳор маҳалласи Фусункор кўчасида жойлашган 2 та кўп қаватли уй эгалари томонидан анчадан бери мурожаат йўлланади. Қизиғи мурожаат эгалари бизга ёзган муаммоларини Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Акром Сулаймоновнинг фуқароларнинг мурожаатини қабул қилиш учун очилган телеграмдаги манзилига ҳам ёзишган.

Шаҳар ҳокими мазкур мурожаатларни ўқиб туриб, жавоб қайтармаган. Жавоб қайтаришга мажбур эмасдир балки, лекин ўзи бориб фуқароларнинг мурожаатини ўрганиб ҳам кўрмаганда!

Гап қандай мурожаат ҳақида кетмоқда дерсиз?
Маълум бўлишича, Фусункор кўчасида жойлашган 2 та 3 ва 3А -сонли уйлар 1959 йилда қурилган. Аҳолининг шикояти уйларда коммунал соҳа бўйича жиддий муаммолар бор. Канализация тизими ишламайди. Айрим хонадонлар газ баллонларидан фойдаланади. Уйларда ичимлик суви йўқ. Ўз-ўзидан аёнки, 1959 йилда қурилган бу уйларда бундай муаммолар бўлиши табиий ҳол. Қолаверса айрим хонадонлар бу ерда ижарада яшаб келмоқда.

«Ноилож бўлганимиз учун 3 та болам билан «квартира»да яшаб келяпман. Бу ерда «туалет» йўқ, ҳаммом йўқ, сув йўқ. Шароитлар ҳам жуда ёмон. Ижара нархи арзон бўлгани учун мажбур турибмиз» , – дейди фуқаролардан бири Азиза Фозилжонова.
«40 йил ўқитувчи бўлиб ишладим. Нафақага чиққанимдан кейин қаровсиз қолиб кетдим. Ҳозирда «дом»нинг 2-қаватида яшаяпман. Бу ерда канализация йўқ, сув йўқ, ҳеч нарса йўқ. Биз худди ўтган асрда яшаётгандекмиз. Мен халқ қабулхонасига муаммолар билан борганман. Вазиятимизни айтганман. Улар ёрдам беришга ваъда беришган. Лекин бу ваъда бажарилмади» , – дейди нафақадаги фуқаролардан бири Рима Зиянддинова.

Мазкур турар-жой эгалари энг катта муаммолардан бири сифатида чиқинди ва ҳожатхона масаласи ҳақида ҳам гапиришди. Уларнинг айтишига қараганда чиқинди олиб кетилиши учун ўз вақтида тўлов қилинади. Лекин чиқиндилар йиғиб олинмайди.
Чунки яқин артофда чиқиндихона йўқлиги боис, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари ва меҳмонхоналарда ҳам чиққан чиқинди шу ерга йиғиб тўкилади. Чиқинди тўкиш учун махсус бурчаклар ташкил қилинмаган.
Эътиборимизни тортган жиҳатлардан бири чиқиндихона ёнида маҳалла профиликатика инспекторининг хизмат уйи жойлашган. Кўп қаватли уй эгаларидан ҳам кўра чиқиндидан инспекторнинг хонадони зарар кўрса керак. Чунки чиқиндилар уйнинг атрофига айрим «маданиятсиз» фуқаролар томонидан ташлаб кетилмоқда. Чиқиндиларнинг белгиланмаган жойга ташлайдиганлар эса «тадбиркорлар» деб айтмоқда бизга мурожаат қилган фуқаролар.
«Президентимизнинг ўзлари хонадонларга кириб боряптилар. Одамларнинг муаммосига қулоқ тутяптилар. Аммо бизни раҳбарларнинг маҳаллалардаги вазиятлар билан иши йўқ, – дейди фуқаролардан бири Зебинисо Ражабова. Бу уйларда кўпчилик ижарада яшайди. Чунки уларнинг вазияти бироз оғир. 9, 10 йиллаб ижарада турганлар бор. Уларда уй-жой йўқ. Сал шамол турса ҳамма жой чиқинди билан тўлади. Тозалаб олсак ҳам ярим соатдан кейин яна шу аҳвол. Чунки бу ердаги фуқаролар учун чиқиндихона қуриб берилмаган».
Зебинисо Ражабованинг айтишича, бу уйларнинг бундан бир неча йил олдин ширкат томонидан том қисми ёпиб берилган. Лекин бу ишлар «ўлда-жўлда» бажарилган. Томнинг айрим қисмларига тарнов ўрнатилмаган. Ёмғир ва қор суви бир жойга йиғилиб, уйларнинг ичигача кириб келаяпти. Оқибатда хонадонлар моғорлаб кетган.
Хонадонларда яшовчи нуронийлардан бири Абдураҳмон Боқиевнинг айтишича, маҳалла профиликатика инспектори уйи болалар майдончаси ўрнида қурилган. Қолаверса хизмат уйига чиқиндихона қурилиши керак бўлган жой ва ҳожатхонага жуда яқин. Профилактика инспектори эса мунтазам равишда чиқиндиларни тозалаш ишларига ўзи бош-қош бўлаётганини маълум қилди.
Фуқаролардан бири Сурайё Абдуллаев эса уй-жой қуриш учун аввалги туман ҳокимларига мурожаат қилганини, улар мурожаатини ҳал этиш эвазига турли шартларни қўйганини айтди.
«Вилоят раҳбарлари бизнинг маҳаллага ҳам келиб кетсин. Биз ҳам ичимиздаги дардимизни айтайлик. Ноҳақлик бўлганини айтайлик,- дейди Сурайё Абдуллаева. 12 йилдан бери шу жойда ижарада яшайман. Уй-жой қуриш учун ер сўраб 2018 йилда ҳокимга мурожаат қилганимда пахтага одам жўнатиш талабини қўйганди. 2019 йилда ҳам эски ҳоким Тўлқин Каримов шу талабни қўйди. 2 сотих ер берамиз, пахтага одам чиқаринглар дейишди. Биз пул бериб , одам гаплашиб жўнатдик. Ўзим ҳам бориб пахта тердим. Лекин ер берилмади. Эски ҳоким бизни алдади».
Фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш давомида маҳалла раиси ва шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи етиб келди.
Раиснинг айтишича, ҳар бир фуқаро ўзи яшайдиган ҳудудни тоза ва озода сақлашга мажбур. Лекин баъзан фуқаролар бунга амал ҳам қилмайди.
«2006 йилдан бери Боғибаҳор маҳалласида раис сифатида фаолият юритиб келаман. Бу муаммоларни олдиндан биламан. Бартараф қилганмиз. Бу уйлар 1959 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган. «Дом» ҳақиқатдан жуда эскириб қолган. Ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди. Ҳожатхонаси анча йилдан бери тозаланмай келинмоқда. Тозалаш учун маблағ керак. Маблағни аҳоли ёки ширкат бериши керак. Чиқиндихонага атрофдаги тадбиркорлар ҳам чиқинди ташлаяпти. Шу аҳолини норозилигига сабаб бўлаяпти. Биз тадбиркорлар бу бўйича огоҳлантириб чиқдик, – дейди маҳалла раиси Рустам Маҳмудов.

Ҳақиқатдан ҳам Фусункор кўчасидаги вазият ачинарли. Балки Сурайё Абдуллаева таъкидлаганидек, шаҳар раҳбарлари ҳудудга эътибор қилмаётган бўлса, вилоят раҳбарлари маҳаллага бир айланиб келар. Ахир Шаҳрисабзнинг шундоққина марказида жойлашган кўчадаги бу хунук манзаралар шаҳарнинг туристик салоҳиятига ҳам жиддий таъсир ўтказмасдан қолмайди.

Дилшод Набиев тайёрлади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here