Танқиддан кейин Яккабоғдаги эски мактаб ёпиб қўйилди

268

Куни кеча ахборот сайтимизда эълон қилинган «Янги бинода ўқувчи кўпайса, эскисига кўчирамиз». Яккабоғлик ўқувчилар икки мактаб ўртасида сарсон бўлмоқда»  номли танқидий мақолага Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси муносабат билдирибди.

Фақат қисқа маълумот билан чекланган муносабат бизда қатор саволларни туғдирди. Муаммога ечим топиладими? Қачон ўқувчилар учун қулай шароит яратилади? Афсуски, бу саволларга жавоб йўқ.

«Яккабоғ тумани Дарё маҳалласи Гулдара қишлоғида жойлашган 57- умумий ўрта таълим мактаби биноси 2009 йилда қайта реконструкция қилинган бўлиб, мактабнинг қуввати 180 ўқувчи ўрнига мўлжалланган, ҳозирги кунда мактаб биноси 9 та синфхонадан иборат бўлиб, бу хоналарда 18 та синф ўқувчилари, яъни 325 нафар ўқувчи икки сменада таълим-тарбия олиб келмоқда. Мактабнинг навбатлилик коэффициенти 1,8 ни ташкил этади», – дейилади муносабатнинг биринчи қисмида.

«Яккабоғ туманидаги 57-умумий ўрта таълим мактаби 2022 йил Инвестиция дастури асосида 120 ўқувчи ўрнига ва спортзал биносини қуриш таклифини халқ таълими бўлими, туман ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармасига тақдим қилган», – деб қўшимча ёзилади.

Аммо таклиф киритилибди. Лекин бу таклифнинг тақдири борми? Хўш, Қашқадарё халқ таълими бошқармаси спортзал муаммосини қачон ечмоқчи? Ўзи тоғликлар учун зпортзал қуриладими? Бу саволларга ҳам жавоб йўқ!

Муносабатнинг кейинги бандига эътибор қиламиз: 

«Эслатиб ўтамиз, қўшимча равишда фойдаланиб келинаётган эски мактаб биноси тўлиқ ёпилди. Эндиликда ўқувчилар янги қурилган бинода икки сменада таълим-тарбия олади», – деб якунланади бошқарма ахборот хизмати муносабати.

Бундан кўринадики, Яккабоғ халқ таълими бўлими эски мактабни ёпиб ташлаган. Хўш, бўлим муаммога шундай оддийгина ечим топишга «уста» экан, нега шу пайтгача ўқувчиларни хароб аҳволга келиб қолган бинода таҳсил олишига томошабин бўлиб ўтирди?

«Nasafnews» ҳудуддаги мазкур мактаб мавзусига яна қайтади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here