Бобур Абдухолиқов: «Менга пул муҳим эмас, ўсиш учун Европани танладим»

736

Ўзбекистонлик ҳужумчи Бобур Абдухолиқов фаолиятини Украина чемпионатида давом эттирадиган бўлди.

23 ёшли футболчи «Рух» клуби билан уч йиллик шартнома имзолаган. Битимга келишувни яна бир йилга узайтириш банди ҳам киритилган. Абдухолиқов янги жамоаси сафида 16-рақам остида ҳаракат қилади.

«Рух» футболчисига айланганимдан жудаям хурсандман. Жамоага сифатли ўйиним ва голларим билан ёрдам бермоқчиман. Сабрсизлик билан биринчи машғулотларни кутмоқдаман. Менда бошқа жамоалардан ҳам яхши таклифлар бўлганди, бироқ мен учун пул муҳим эмас. Футболчи сифатида ўсишга ва ўзимни Европада, яхши чемпионатда кўрсатмоқчиман. «Рух» мен учун трамплин вазифасини бажариб беради», — деди Бобур Абдухолиқов.

Бобур Абдухолиқов бунга қадар «Насаф» жамоасида тўп суриб келаётганди. Қаршиликлар сафида у Ўзбекистон чемпионати баҳсларида 100 дан ортиқ ўйин ўтказиб, 37 бор рақиблар дарвозасини ишғол этган.

Қайд этиш жоиз, Бобур «Рух» сафида тўп сурган иккинчи ўзбекистонлик футболчига айланди. 2015—2016 йилларда Максим Шацких ҳам ушбу клуб шарафини ҳимоя қилган ва шу ерда фаолиятини якунлаган.

«Рух» Украина чемпионатида 14-турдан кейин 10 очко билан 14 жамоа орасида 13-ўринда бормоқда.

Мавзуга доир: «Насаф» клубининг яхши футболчиларидан бири Украина клубига ўтди

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here