Косон тумани ҳокимининг хизмат машинаси одам уриб юборганди. Туман ҳокими мазкур воқеа бўйича тарқалган миш-мишларга ойдинлик киритди

2076

Хабариниз бор, яқинда Косон ҳокимининг хизмат машинаси  одам уриб юборгани, машинани ҳокимнинг ўзи ёки ўғли бошқаргани ҳақида ҳар хил хабарлар тарқалганди. Бугун Косон туманида журналист ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжуманида мазкур хабарларга аниқлик киритилди. Матбуот анжуманидан кейин  “Nasafnews” мухбири туман ҳокимидан интервью олди.

Туман ҳокими Асрол Бойкараевнинг айтишича, 2020 йил 12 декабр куни содир бўлган воқеа ҳақиқатдан икки оилага бахтсизлик келтирди. Ҳоким ҳайдовчиси вазифасини вақтинча бажариш юклатилган Раҳим Жўраев йўлнинг чап томонидан ўнг томонига қараб пиёда кесиб ўтаётган фуқарони «Каптива»да уриб юборган.

«Ҳайдовчи воқеа жойидан  қочиб кетди деган сўзларни ҳам айтишди. Аслида ундай бўлмаган, воқеа содир бўлганда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими, туман ички ишлар бўлими хабардор қилинган. Тез-тиббий ёрдам чақирилган. Ҳайдовчи қочиб кетмаганини шу куни воқеа жойига етиб борган шифокорлар ҳам тасдиқлайди» , – дейди Асрол Бойкараев.

«Энди яна бир саволга аниқлик киритиб ўтсам, туман ҳокими машина ичида бўлган деган гаплар ҳам тарқатилди. Мен машинани ичида бўлсам, воқеага гувоҳ бўлсам буни яширмайман. Аммо воқеага гувоҳ бўлмасдан туриб, гувоҳ бўлдим деб ҳам айтолмайман.Нега машинани туман ҳокими ҳайдовчиси эмас, унинг биринчи ўринбосари ҳайдовчиси бошқарган деган саволлар ҳам туғилиши мумкин. Туман ҳокими ҳайдовчиси соғлигида муаммоси борлиги туфайли даволанишга чиққанди. Касаллик тарихи ҳам туман тиббиёт бирлашмасида қайд этилган. Шу туфайли вақтинча менинг хизмат машинамни бошқариш ҳуқуқи биринчи ўринбосаримнинг ҳайдовчиси Раҳим Жўраевга юклатилган.У ҳам кимнидир атайин уриб юбормаган. Унинг ҳам ёши катта, тажрибали ҳайдовчи. Болалари, неваралари бор. Ҳозирда унга ҳам осон эмас.

Тўғри, яқин инсонидан айрилиш ҳаммага ҳам оғир ботади. Шу боис Косон тумани ҳокимлиги мазкур оилага ҳамдардлик билдириб келган ва уларни ёлғизлатиб қўймаслигини эслатиб ўтаман. Бир неча бор, вафот этган фуқаронинг ўғли билан, оила аъзолари билан суҳбатлашдим. Ҳамдардлик билдирдим. Бундан кейин ҳам уларни ташлаб қўймаймиз», – дея фикр билдирди ҳоким.

Асрол Бойкараевнинг қўшимча қилишича, ҳолат бўйича тергов ишлари якунланган.

«Шу ўринда воқеа ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинишига ўзимиз ҳам айбдормиз. Ҳокимлик ахборот хизмати воқеа бўйича маълумотни вақтида бермаган. Вақтида бермаганига сабаб , ҳали тергов якунланмаганди. Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотини кутган. Агар ўшанда биздан ҳолат бўйича боғланган мухбирга тўлиқ маълумот берганимизда айрим миш-мишларга асос қолмасди. Лекин яна бир жиҳатни ҳам эътиборга олишларингизни сўрардим. Воқеа тергов билан боғлиқ жараён. Шу туфайли биз тергов хулосасисиз аниқ бир маълумотни эълон қилолмасдик. Ҳозирда тергов якунланган. Р. Жўраевга қўзғатилган иш судга ўтказилган», – деди туман ҳокими.

Мавзуга доир: Косонда ҳокимликнинг хизмат машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этди

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here