Вилоят ҳокимига 10 кун ўринбосар бўлган ёшлардан бири тизим ҳақида нима дейди?

1829

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга кўрсатаётган эътиборлари натижасида, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироклари тобора ортиб бормоқда. Бу борада, Қашқадарё вилоятида ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўз билимига эга қатъиятли ёшларга халқ хўжалигининг турли тармоқларини бошқариш шунингдек, давлат ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлиги ишониб топширилмоқда. Жорий йил аввалида тажриба тариқасида вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари вазифасини вақтинча бажариш бир гуруҳ ёшларга юкланганлиги кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътироф этилди.

Қашқадарё вилоятида бошланган бу ташаббус ёшларга ўзидаги раҳбарлик салоҳиятини намоён этишга ва ўз ўрнида, раҳбар бўлиш масъулиятини чуқур ҳис қилиш имкониятни берди.

Менга ҳам вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасини бошқаришга катта ишонч билдирилди. Албатта, вилоят ҳокимининг мазкур йўналишдаги ўринбосари зиммасидаги функционал вазифалар ниҳоятда салмоқли. Мазкур йўналишдаги ҳар бир соҳа жумладан, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, айниқса ёшлар масаласи бугунги кунда мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард натижаси айнан мазкур соҳаларда эришилган ютуқ ва натижалар билан ўлчанади.

Албатта, бизга кутилмаганда шундай имконият берилди. Мен мана шу ўтган муддатда кўп нарсаларни англаб етдим. Раҳбарлик жуда улкан масъулиятли иш экан.

Муҳтарам Президентимиз Қашқадарё ёшлари билан бўлган учрашувда “- Кўпроқ билим олинг. Агар менга қайта имконият берилганда эди, 70-80 фоиз умримни билим олишга сарфлаган бўлардим. Билимли инсон ҳамма нарсага қодир бўлади”, деб таъкидлаган эдилар. Мен бу сўзларнинг қанчалик ҳақиқат эканини ўтган фаолиятим давомида ҳар сонияда ҳис қилдим. Бизга берилган 10 кун яъни 240 соат, эртанги кунга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлади. Масъулиятни янада чуқурроқ ҳис қилишга ундади.

Темурбек Поёнов, Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here