Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Муаммоларни айтаётган блогерларга ижобий жавоб қайтарадиган ёш блогерлар жамоаси тузиш таклифи "ҳокимга ёқиб тушди"

Муаммоларни айтаётган блогерларга ижобий жавоб қайтарадиган ёш блогерлар жамоаси тузиш таклифи "ҳокимга ёқиб тушди"

14 дек 2022
732
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Қарши давлат университети талабаларидан бири Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовга таклиф билан чиқди.
Талабанинг айтишича, Олий таълим муассасаларининг кўнгилли ёшларидан ташкил топган ёш блогерлар жамоасини тузиш керак. Бу жамоа ижобий ўзгаришларни кўра олмайдиган блогерларга жавоб қайтаради.

"100 та оқ нарсани кўрсатмасдан 1 та қора нарсани кўрсатаётганлар учун ижобий жавоб қайтарадиган жамоа шакллантирсак деган таклиф билдирмоқчиман", - дейди талаба қиз.

Талабанинг таклифига жавобан Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов уни вилоят ҳокимлигига ишга олинганини маълум қилди.

Ўз ўрнида бу ҳолат Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган блогерларнинг жиддий эътироз ва танқидларига ҳам сабаб бўлди.

"Бу қизни кўпчилик олқишлаяпти, аммо энг ачинарлиси бу қиз расмий троллар армияси тузишни таклиф қилган чамамда. 
Ҳокимият ОАВ (блогер)ни тегишли жиҳоз билан таъминласа, у блогер ҳокимиятдан муттаҳам бўлади ва ҳеч қачон камчиликлар ҳақида гапирмайди, яхши нарсалар эса шундоқ ҳам ёзиляпти", - деб ёзди блогер Отабек Артиков.

Талаба қизнинг таклифига блогер Капитан Каримов ҳам ўз муносабатини билдирди.

"Яхши ишларни кўрсатиш бу нормал ҳолат. Ва манаман деган энг танқидчи блогер ҳам амалда бўлган яхши ишларни кўрсатади. Умуман олганда қайсидир блогер танқид қилгани учун унга жавоб тариқасида  ʼяхши ишларни кўрсатаманʼ деб айтиш тупойлик. Энг зўр позиция - блогерни танқидига тўғри жавоб бериб, муаммони ҳал этишдир. Яхши ишлар, деб тинимсиз нимадир кўрсатилаверса, бу халқнинг ғазабини келтириши ҳам мумкин. Бу ишлар свет, газ, йўл, ичимлик суви бормаган уйларда яшовчиларга маъқул келмайди", - 
дейди Капитан Каримов.

"Блогер қайсидир юридик шахс тасарруфида бўлиши мумкин эмас. У эркин, бошқарув тизимига ва раҳбарга эга бўлмаган шахсдир. Унинг кўнгил кўчаси истаса ҳам, истамаса ҳам шу. Танқидчи блогерларга қарши ишлаш мазмунидаги таклифи қўлланилганидан, тўғриси ҳайратдамиз. Биз бир муддат аввал Давлат раҳбарининг ўзи "блогер ва журналистларга раҳмат айтаман, улар танқид қилишади. Кимгадир ёқмайди, аммо манга ёқади" деганларини эшитардик. Биз танқид қилиб, раҳбарларга «рул»ни берардик, баҳонада устидан янада кучлироқ назорат ўрнатсин деб. Ахир у «айримлар» деб кетган-ку? дейишингиз мумкин. Бироқ, асосли танқидлар ҳам раҳбарларга ёқмаётгани сир эмас", - деб 
ёзди блогер Азиз Яздурдиев.

"Nasafnews"дан: Қашқадарё вилоятида муаммолар талайгина. ОАВнинг вилоят ҳокимига айтмоқчи бўлганлари ҳам кўп. Аммо Муротжон Азимов ҳоким сифатида иш бошлаганига 1 йилдан ошган бўлса-да, ҳали бирор маротаба журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил қилмади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: