Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Яккабоғ тумани ҳокимлиги "Nasafnews"дан узр сўради

Яккабоғ тумани ҳокимлиги "Nasafnews"дан узр сўради

21 апр 2022
1 631
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Кеча ахборот сайтимизда "Кўзбўямачилик! Яккабоғда тантана билан очилган сузиш ҳавзаси орадан 4 ой ўтса ҳам ишга тушмади" номли хабар эълон қилинганди. Хабарда 2021 йилнинг декабрь ойида Яккабоғ туманидаги «Айғиркўл» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ёпиқ сузиш ҳавзаси тантанали очилгани, аммо ҳали ҳамон ишга тушмагани ҳақида ҳикоя қилинади. Яккабоғ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур хабар юзасидан муносабат билдирди.


"Авваламбор, Яккабоғ туман туризм ва спорт бўлими бошлиғи Дилшод Боймуродов, сайт журналисти Д.Набиевдан эътиборсизлиги, қурилиш лойиҳаларини кўрмасдан нотўғри ахборот берганлиги учун узр сўрайди.  1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги  ёпиқ сузиш ҳавзаси "Авангард эдиал плус" МЧЖ томонидан барча замон талабларига мос равишда қуриб битказилган. Ушбу ёпиқ сув саройининг иситиш тизими лойиҳага кўра электр энергияси ва кўмир билин қизитилиб, қурилишида ҳеч қандай муаммо йўқ. "Авангард эдиал плус" МЧЖ томонидан ишлар тўлиқ якунланиб, очилиш маросимигача синовдан ўтказилган. Қурилиш ишлари бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ" ,- деб ёзади ҳокимлик.

Шунингдек, ҳокимлик ҳавза ишламаслиги сабабини ҳам маълум қилган.

"4 ой вақт мобайнида ишламай келаётганининг асосий сабаби янги иш ўринлари яратилмаганлиги эди, бугунги кунда ҳолат бўйича амалий ишлар бошлаб юборилгани ва тез кунларда ёпиқ сув иншооти тўлиқ ишга туширилишини маълум қилинди. Мазкур сузиш ҳавзаси кимгадур яхши кўриниш ёки кўзбўямачилик эмас аксинча келажакда ёшларни спортга бўлган қизиқишларини орттириш, уларни нуфузли халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишларида пойдевор бўлиши ҳамда туман аҳолисини соғломлаштиришга хизмат қилиши учун очилган.
Ўз навбатида Яккабоғ туман ҳокимлиги ахборот хизмати сайт журналистига тезкор маълумот берилмаганлиги учун узр сўрайди" , - дейилади ҳокимлик хабарида.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: