Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » ДХХ Қашқадарёда Сурияга кетмоқчи бўлган шахсни ушлади

ДХХ Қашқадарёда Сурияга кетмоқчи бўлган шахсни ушлади

23 апр 2022
2 673
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Китоб туманида яшовчи фуқаронинг Сурияга кетишининг олди олинди.

Хусусан, 1998 йилда туғилган “Қ.Т.” 2020-2021 йиллар давомида Россия Федерациясида ишлаши даврида ижтимоий тармоқлар орқали “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқими аъзолари таъсирига тушиб қолиб, уларни қўллаб-қувватлаган. 

Жумладан, у “Tik-Tok”, “Likee”, “Instagram” ижтимоий тармоқларида шахсий профиллар очиб, унга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган “Абу-Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Абдуллоҳ Бухорий”, “Содиқ Самарқандий” ва бошқаларнинг “жиҳод”, “ҳижрат” ҳамда “шаҳид”ликка чорловчи маърузаларини жойлаштириб, тарғибот ишларини олиб борган. 

Шунингдек, 2021 йилнинг декабрь ойида РФдан доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан сўнг, ҳамқишлоқлари орасида ҳам оқим ғояларини фаол тарғиб қилган. 

Бундан ташқари, “Қ.Т.” Суриядаги жангарилар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг йўл-йўриқлари ҳамда кўрсатмалари асосида Россия ва Туркия орқали уларнинг сафига бориб қўшилишини режалаштирган.

Экспертиза хулосасига кўра, “Қ.Т.” томонидан тарқатиб келинган диний мазмундаги материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва сақлаш тақиқланади.

Ҳозирда “Қ.Т.”га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: